Жаҳон | 14:24 / 17.10.2025
2454
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг собиқ маслаҳатчиси Болтонга жиноий айблов қўйилди

АҚШ президентининг собиқ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон махфий маълумотларни учинчи шахсларга ўтказишда саккизта ва бундай ҳужжатларни ноқонуний сақлашда ўнта эпизодда айбланган. У айбдорлигини рад этди.

Фото: AP

16 октябр, пайшанба куни Мэриленд штатида катта ҳакамлар ҳайъати АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтонни махфий маълумотларни нотўғри ишлатишда айблади. Болтон махфий маълумотларни учинчи шахсларга берганликда саккизта ва бундай ҳужжатларни ноқонуний сақлашда 10 эпизодда айбланмоқда, деб хабар бермоқда CNN манбаларга таяниб.

АҚШ Адлия вазирлигининг маълум қилишича, амалдаги президентнинг собиқ ёрдамчиси махфий маълумотларни шахсий электрон почта ва мессенжерлар орқали юборган. Хабар қилинишича, бу маълумотлар АҚШнинг бўлажак ҳарбий амалиётлари ҳақидаги махфий маълумотлар, шунингдек, АҚШ душманлари, хорижий етакчилар ва АҚШ маъмуриятининг ташқи сиёсати ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган. CNN манбаларига кўра, Болтон махфий маълумотларни рафиқаси ва қизи билан электрон почта ёзишмаларида бўлишган бўлиши мумкин. Болтон айбланаётган ҳар бир жиноят учун максимал қамоқ муддати 10 йилгача.

Трампнинг собиқ маслаҳатчисининг ўзи Адлия вазирлигидан қурол сифатида фойдаланаётган амалдаги президентнинг қурбони бўлганини айтди. Болтоннинг сўзларига кўра, Трамп ўзининг иккинчи муддати давомида НКВД бошлиғи Лаврентий Берия айтган: «Агар одам бўлса, модда топилади», деган иборани амалга оширмоқда.

Трамп 16 октябр куни кечқурун Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда Болтонга қўйилган айбловлардан эндигина хабар топганини айтди ва ўзининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчисини «ёмон одам» деб атади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид