Ўзбекистон | 14:45 / 22.10.2025
3191
1 дақиқада ўқилади

FIA Бош ассамблеяси йиғилиши илк бор Тошкентда ўтказилади

10–12 декабр кунлари Тошкент шаҳрида Халқаро автомобил федерацияси (FIA) Бош ассамблеясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилади. Тадбирда 149 мамлакатдан 245 дан ортиқ вакил иштирок этиши кутилмоқда.

Фото: "Дунё" АА

Ўзбекистоннинг Женевадаги элчиси Равшан Усмонов FIA бошқарма бошлиғи Жонатан Рефой билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар берди.

Учрашув давомида Жонатан Рефой FIA фаолияти, шунингдек, Ўзбекистон билан ҳамкорлик истиқболлари ҳақида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, жорий йил 10–12 декабр кунлари Тошкент шаҳрида FIA Бош ассамблеясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади.

Йиғилиш доирасида йўл ҳаракати хавфсизлиги, автомобил стандартлари, экологик барқарорлик, шаҳарларда тирбандликларни камайтириш ва электр ҳамда гибрид автомобилларни оммалаштириш масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган. Шунингдек, бу йўналишларда манфаатдор идоралар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлик билдирилди.

Маълумот учун: FIA — 1904 йили Парижда ташкил этилган халқаро ташкилот бўлиб, жаҳон автоспортини мувофиқлаштиради, автомобил хавфсизлигини таъминлаш ва маданиятини ривожлантиришга хизмат қилади. Ташкилотнинг бош қароргоҳи Парижда, бошқарув офиси Лондонда, молия бўлими эса Женевада жойлашган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид