Ўзбекистон | 10:35 / 23.10.2025
6142
2 дақиқада ўқилади

Урбанизация тренди: Ўзбекистонда шаҳар аҳолиси нисбати кучаймоқда

2025 йил 1 октябр ҳолатига кўра, шаҳарларда истиқомат қилувчилар улуши қишлоққа нисбатан юқориламоқда. Бу инфратузилма, уй-жой бозори ва жамоат хизматига бўлган талабни оширмоқда.

Фото: Kun.uz

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил 1 октябр ҳолатига Ўзбекистон аҳолиси 38 069,1 минг кишини ташкил этди. 

Расмий маълумотга кўра, мамлакат аҳолиси таркибида гендер мувозанати барқарор: аёллар сони 18 896,6 минг (49,6 фоиз), эркаклар сони 19 172,5 минг (50,4 фоиз). Мутахассислар бундай тақсимот меҳнат бозори ва ижтимоий сиёсатни режалаштиришда муҳим кўрсаткич эканини таъкидлайди.

Яшаш жойи бўйича тақсимот аҳамиятли урбанизация динамикасини кўрсатади: шаҳарларда 19,4 млн киши (тахминан 51 фоиз), қишлоқларда 18,7 млн киши (тахминан 49 фоиз) истиқомат қилмоқда. Бу саноат, хизматлар ҳамда транспорт инфратузилмасига тушадиган юкни қайта тақсимлаш, уй-жой қурилиши, ичимлик суви ва канализация тармоқлари, шунингдек, оммавий транспoрт ва ҳудудий логистикани режалаштиришда муҳим сигнал ҳисобланади.

Оилавий ҳолат динамикасида ҳам янгиланган рақамлар эълон қилинди: 177 мингта никоҳ қайд этилган, 35,4 мингта никоҳ бекор қилинган. Бундан келиб чиқиб, оилаларни молиявий-ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшлар никоҳини тайёрлаш дастурлари ва оила психологияси хизматларига эҳтиёж сақланиб қолмоқда.

Ташқи миграцияда манфий салдо қайд этилди: 1 133 киши кўчиб келганига нисбатан 7 585 киши кўчиб кетган. Нетто кўрсаткич –6 452 нафар атрофида. Бу меҳнат миграцияси оқимлари, четга ўқиш ва ишлаш мақсадида чиқиш, шунингдек, юқори малака талаб қиладиган соҳаларда кадрлар масаласини яна бир бор кун тартибига қўяди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид