Технология | 07:29 / 23.10.2025
7679
2 дақиқада ўқилади

Хитойда дунёдаги энг тезкор поезд синовдан ўтказилмоқда

Хитойда дунёдаги энг тез ҳаракатланувчи электропоезд — CR450 — синов рейсларини бошлади. У ҳозирда Шанҳай–Чунцин–Чэнду йўналишида юқори тезликдаги темирйўл линиясида эксплуатацион синовлардан ўтказилмоқда.

CR450 Фото: China Media Group

CR450 прототипи ўтган йил охирида илк бор релсга чиққанидан бери қатъий, узлуксиз синовлардан ўтмоқда. Барча асосий техник кўрсаткичлар, жумладан соатига 450 км/соатгача максимал тезлик бўйича муваффақиятли натижалар қайд этилгандан сўнг, кейинги босқичда 600 минг километр масофада узлуксиз ҳаракат синови ўтказилади. Шундан кейингина поездга тижорат йўловчи ташувларига рухсат берилади.

Рекорд тезликка қандай эришилди? Мутахассислар натижа, асосан, аэродинамик ва конструктив такомиллаштиришлар ҳисобига қўлга киритилганини таъкидламоқда. Масалан, олд қисм Fuxing (350 км/соат) поездларидаги 12,5 метрдан 15 метргача узайтирилди — бу ҳаво қаршилигини сезиларли камайтиради.

Шунингдек, умумий ҳаво қаршилиги 22 фоизга қисқартирилди. Бунга бир қатор муҳандислик ечимлари сабаб: вагон остидаги қисмлар тўлиқ ёпилди, пастки панеллар ҳаво оқимини тартиблайди — бу жиҳатдан поезд автоспорт болидларини эслатади. Шу билан бирга, поезднинг баландлиги 20 см га, оғирлиги эса 50 тоннагача қисқартирилган.

Сўнгги беш йилда аэродинамик самарадорлик босқичма-босқич оширилиб борилди — ҳатто 0,1 фоизлик яхшиланишлар ҳам қайд этилган.

Бу ўзгаришлар натижасида тезлашиш ҳам анча яхшиланди: CR450 нолдан 350 км/соатгача бор-йўғи 4 дақиқа 40 сонияда чиқади. Бу мавжуд Fuxing поездларига нисбатан тахминан 100 сонияга тезроқ — уларга шундай тезликка чиқиш учун камида 6 дақиқа 20 сония керак бўлади.

Хитой самарали йўловчи ташиш ва узлуксиз юк оқимини таъминлаш мақсадида тез одимламоқда. Мамлакат дунёдаги энг йирик юқори тезликдаги темирйўл ва автомагистрал тармоқларига эга. Манбаларга кўра, интеграциялашган транспорт инфратузилмаси улкан миқёсга етиб, бутун мамлакат бўйлаб кенг тармоқ ҳосил қилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид