Иқтисодиёт | 12:59 / 24.10.2025
28443
3 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Қайси иловаларда комиссиясиз пул ўтказиш мумкин?

Ўзбекистоннинг бир қатор банклари ва айрим тўлов ташкилотлари ўз мобил иловалари орқали мижозларга картадан картага бепул пул ўтказмалари хизматини тақдим этган. Kun.uz бундай имконият қайси иловаларда борлигини ўрганди.

Фото: Kun.uz

Энг аввало, икки жиҳатни таъкидлаш лозим:

  • Humo'дан Humo'га пул ўтказмалари учун аксарият иловаларда комиссия олинмайди (ўтказмалар миқдори бўйича лимитлар бўлиши мумкин).
  • Бир қатор банклар ўзи чиқарган карталар ўртасидаги ўтказмалар учун комиссия олмайди.

Бундан ташқари, баъзи ҳолатларда бирор бир картага комиссиясиз пул ўтказиш зарурати юзага келганда, қабул қилувчи карта қайси банкники эканини аниқлаб, ўша банкнинг иловасига мурожаат қилиш фойдали бўлиши мумкин. Бунда сиз шартли “A” банкнинг иловасини ўрнатиб, унга бошқа банкдан олинган ўз картангизни улайсиз ва “А” банк картасига комиссиясиз ўтказмани амалга оширасиз.

Қуйида – картадан картага ўтказмалар (P2P) хизматини комиссиясиз тақдим этадиган иловаларни санаб ўтамиз.

Ойига 10 млн сўмгача:

  • Alliance Pay (Asia Alliance Bank)
  • BRB (Biznesni Rivojlantirish Banki)
  • ChakanaPay (Agrobank)

Ойига 5 млн сўмгача:

  • Hamkor (Hamkorbank)
  • Mavrid (Mikrokreditbank)
  • OpenBank
  • SQB Mobile (Sanoat Qurilish Bank)
  • SelloPay
  • Xazna (Xalq Banki)

Ойига 3,5 млн сўмгача:

  • DavrMobile (Davr Bank)

Ойига 3 млн сўмгача:

  • Milliy (Миллий банк). Иш ҳақи лойиҳаси мижозлари учун комиссиясиз ўтказмалар лимити – 10 млн.
  • My Turon (Turonbank).
  • Paynet. Фойдаланувчи муайян шартларда комиссиясиз ўтказма лимитини 5 млн сўмгача ошира олади.

Ойига 1 млн сўмгача:

  • Humans. Компания абонентлари учун комиссиясиз лимит 5 млн сўм, Super VIP тарифи абонентлари учун 10 млн сўм.

Юқоридагилардан ташқари, Ipak Yuli Bank'нинг Visa Start (сўм) картаси ва TBC Bank'нинг Salom картаси* (Humo) тақдим этадиган имкониятни алоҳида қайд этиш мумкин. Бу карталар эгалари банкнинг иловаси орқали картани фоизсиз тўлдириши ва ундан Uzcard/Humo карталарига фоизсиз ўтказмаларни амалга ошириш имкониятига эга.

Бундан ташқари, Anorbank'нинг Mastercard Milliy картаси ва Uzum Bank'нинг Uzum картаси (Visa, сўм) ҳам шундай имкониятни беради. Лекин ўтказмалар борасида бу карталарнинг юқоридаги икки рақобатчисидан айрим фарқлари бор: ойига 100 млн сўмлик лимит мавжуд (Uzum картада бу лимитни фаоллаштириш учун муайян шартлар бор), қолаверса, комиссиясиз ўтказмалар акцияси 2025 йил 31 декабргача амал қилади.

Бугунги кун (24.10.2025) ҳолатига, ушбу тўртта картани ҳам бепул расмийлаштириш мумкин. Шу билан бирга, Anorbank Mastercard Milliy картасига йиллик хизмат кўрсатиш тўлови мавжуд.

* Дисклеймер: Salom картаси балансидаги қолдиқ маблағ учун автоматик тарзда, муайян фоиз ставкасида кунлик даромад ҳисоблаб борилади. Бу шаклдаги даромад аҳолининг муайян қатлами учун нозик масала бўлиши мумкин.

Тайёрлаган:  Мадина Очилова

Мавзуга оид