Жаҳон | 18:00 / 27.10.2025
20507
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон чегарачилари ва толиблар ўртасида тўқнашув юз берди

Отишма Тожикистоннинг Шамсиддин Шоҳин тумани ва Афғонистоннинг Бадахшон вилояти Шаҳри Бузург тумани ўртасида жойлашган Дованг қишлоғида содир бўлган. Отишма қурбонларга олиб келган, бироқ қурбонлар ва жароҳатланганларнинг аниқ сони ҳозирча маълум эмас.

Фото: AFP

Тожикистон ва Афғонистон чегарасида тожик чегарачилари ва «Толибон» ҳаракати кучлари ўртасида қуролли тўқнашув юз берди. Ҳодиса 25 октябрь куни Шамсиддин Шоҳин туманида содир бўлган, деб хабар берди Asia-Plus.

Отишма Тожикистоннинг Шамсиддин Шоҳин тумани ва Афғонистоннинг Бадахшон вилояти Шаҳри Бузург тумани ўртасида жойлашган Дованг қишлоғида содир бўлган.

Дастлаб, можарога икки давлат ўртасидаги табиий чегара бўлган Панж (Амударё) дарёси ўзанининг ўзгариши сабаб бўлган. Бу масала аввал ҳам томонлар ўртасида тортишувларга сабаб бўлган.

ОАВ маълумотларига кўра, воқеа хорижий компаниялар, жумладан, Хитой компаниялари ишлайдиган олтин қазиб олиш зонасида содир бўлган.

Манбаларнинг таъкидлашича, отишма қурбонларга олиб келган, бироқ қурбонлар ва жароҳатланганларнинг аниқ сони ҳозирча маълум эмас. Қайси томондан йўқотишлар борлигига аниқлик киритилмаган.

Тожикистон расмийлари ва «Толибон» вакиллари ҳозирча воқеага изоҳ бермади.

Тожикистон «Толибон» билан тўғридан-тўғри алоқалар йўқлигини расман эълон қилган Марказий Осиёдаги ягона давлат бўлиб қолмоқда. Душанбе Кобул ҳукуматини инклюзив ҳукумат тузишга ва инсон ҳуқуқларига риоя қилишга чақирмоқда.

Сиёсий позицияга қарамай, Тожикистон ва Афғонистон ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар ва гуманитар ҳамкорлик давом этмоқда. Афғонистоннинг Душанбедаги элчихонасини аввалги ҳукумат томонидан тайинланган дипломат бошқаради, Хоруғдаги консулликни эса Кобулнинг ҳозирги ҳокимияти вакили бошқаради.

Афғонистонда Тожикистон элчихонаси ва консуллиги ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид