Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Олтин нархи 3 ҳафталик минимумга тушди
АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо таранглиги юмшаши ҳақидаги умидлар қимматбаҳо металл нархини туширмоқда. Жаҳон бозоридаги нарх динамикаси Ўзбекистонда сотилаётган олтин қуймаларда ҳам акс этди – 5 граммлик қуймалар нархи бир кунда 2,3 фоизга, ўтган ҳафтага нисбатан эса 8,3 фоизга арзонлади.
27 октябр куни олтин нархи 2 фоиздан кўпроққа пасайиб, сўнгги уч ҳафтадаги энг паст даражага тушди. Бунга АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо танглигининг юмшаши ҳақидаги умидлар сабаб бўлди, дея хабар беради Reuters.
Томонларнинг келишиб олиши борасидаги умидлар рискли активларга бўлган қизиқишни кучайтириб, “хавфсиз бошпана” ҳисобланган олтинга талабни камайтирди. Шунингдек, шу ҳафта бўлиб ўтадиган АҚШ Федерал захира тизими йиғилиши ҳам инвесторлар эътиборида турибди.
Сешанба куни спот-олтин нархи 2 фоизга тушиб, унцияси учун 3 899,94 долларни ташкил этди – бу 6 октябрдан бери кузатилган энг паст кўрсаткич. Декабр ойида етказиб бериладиган АҚШ олтин фючерслари эса 2,6 фоизга камайиб, 3 915,30 долларга тенг бўлди.
Душанба куни АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой билан савдо келишуви тузилишига ишонч билдирди. У Малайзияга ташрифи давомида Жануби-Шарқий Осиёнинг тўртта давлати билан савдо ва стратегик минераллар бўйича битимлар имзолаганини эълон қилди.
Якшанба куни эса АҚШ ва Хитойнинг иқтисодиёт бўйича юқори мартабали амалдорлари Трамп ва Си пайшанба куни муҳокама қиладиган савдо келишуви лойиҳаси устида келишиб олди.
Шу билан бирга, Федерал захира чоршанба куни якунланадиган йиғилишида фоиз ставкасини пасайтириши кутилмоқда. Инвесторлар Фед раиси Жером Пауеллнинг кейинги сиёсат йўналишлари бўйича изоҳларини кутмоқда.
Ўзбекистонда ҳам олтин нархи пасайди
Марказий банк 28 октябр учун ўлчовли олтин қуймалар нархини белгилади. Унга кўра:
- 5 грамм – 7 969 000 сўм
- 10 грамм – 15 934 000 сўм
- 20 грамм – 31 867 000 сўм
- 50 грамм – 79 669 000 сўм
- 100 грамм – 159 336 000 сўмни ташкил қилмоқда.
Қуймалар нархи 27 октябрга нисбатан 2,5 фоизга, ҳафта давомда эса 8,3 фоизга арзонлади.
Марказий банк маълумотларига кўра, октябр ойида Тошкентда олтин қуймаларининг янги партияси деярли тугаган.
Олтин – анъанавий “хавфсиз бошпана” актив
Бу қимматбаҳо металл одатда фоиз ставкалари паст бўлган муҳитда қадрланади, чунки у даромад келтирмайдиган, лекин ишончли сармоя туридир.
2025 йил бошидан бери спот-олтин нархи 53 фоизга ошиб, 20 октябр куни тарихий рекорд – 4 381,21 долларга етган эди. Бироқ сўнгги ҳафтада у 3,2 фоизга тушди.
Citibank таҳлилчилари душанба куни 0-3 ойлик прогнозини 4 000 доллардан 3 800 долларга туширди. Capital Economics эса 2026 йил охири учун прогнозини 3 500 доллар деб белгилади.
Мавзуга оид
09:20
Чегарадан ноқонуний олиб ўтилган 1,1 млрд сўмлик олтин қўлга олинди
19:19 / 04.12.2025
Ўзбекистон октябрда олтиннинг энг йирик харидорларидан бири бўлди
07:28 / 02.12.2025
Дунёдаги бутун олтин захираси битта инфографикада
10:56 / 01.12.2025