Жаҳон | 19:03 / 28.10.2025
7150
2 дақиқада ўқилади

Россияда энди армияга чақирув йил бўйи давом этади

Дума «абадий» чақирув тўғрисида қонунни қабул қилди.

Фото: Игорь Онучин / ТАСС

Давлат Думаси учинчи, якуний ўқишда фуқароларни бутун календар йили давомида – 1 январдан 31 декабргача ҳарбий хизматга чақириш имкониятини белгиловчи қонунни маъқуллади.

Ҳужжатга кўра, ҳарбий комиссарликлар йил давомида тиббий текширув, психологик танлов ва чақирув комиссиялари йиғилишини ўтказиши мумкин бўлади.

Бунда чақирилувчиларни хизмат жойларига юбориш аввалги муддатларда – йилига икки марта: 1 апрелдан 15 июлгача ва 1 октябрдан 31 декабргача сақланиб қолади.

Энди чақирув қоғозлари чақирилувчиларга йил давомида, аниқ ойларга боғланмаган ҳолда юборилади.

Ташаббус муаллифларининг тушунтиришича, янгилик ҳарбий комиссарлик ишини «енгиллаштириш», чақирув пунктларига юкламани тенг тақсимлаш ва фуқароларни хизматга танлаш сифатини ошириш имконини беради.

Иккинчи ўқишда қонун лойиҳасига бир қатор тузатишлар киритилди. Хусусан, улардан бири электрон чақирув қоғозларининг амал қилиш муддатини 30 кун билан чеклайди. Ҳозир бундай чақирув қоғозлари муддатсиз амал қилади, бу эса чет элга чиқиш имкониятини чеклайди.

Янги 30 кунлик қоида, ҳарбий юристларнинг фикрича, чақирувни ўтказишнинг тезкорлигини сақлаб қолган ҳолда, ҳаракатланиш эркинлигини ҳаддан ташқари чеклашнинг олдини олади.

Уруш бошланганидан бери Россия ҳукумати ҳарбий хизматга чақириш соҳасидаги қонунчиликни бир неча бор кучайтирди. Чақирув ёшининг энг юқори чегараси 27 ёшдан 30 ёшга оширилди, ҳарбий комиссариатлар эса чақирув қоғозларини электрон шаклда юбориш имкониятига эга бўлди ва бундай чақирув қоғози автоматик равишда топширилган деб ҳисоблана бошланди. Чақирув қоғози бўйича келмаганлар учун турли чекловлар жорий этилди  энди уларга чет элга чиқиш, автомобил бошқариш ва кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар тузиш тақиқланди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид