Иқтисодиёт | 12:38 / 29.10.2025
5504
2 дақиқада ўқилади

Афғонистонда ўзбек тўқимачилик қувватларини қайта тиклашга старт берилди

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Афғонистоннинг “Афғон текстил корпорацияси” ўртасида фаолияти тўхтаган айрим тўқимачилик корхоналарини Афғонистон ҳудудида локализация қилиш бўйича меморандум имзоланди. 18–23 октябр кунлари делегация Афғонистонда қатор объектларни ўрганди.

Фото: Савдо-саноат палатаси

Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, хусусий сектор ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва йирик инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича изчил ишлар давом этмоқда.

Шу доирада Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Афғонистоннинг давлат корхонаси — “Афғон текстил корпорацияси” ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжат доирасида дастлабки инвентаризация ва лойиҳалаш ишларини ташкил этиш назарда тутилган.

Белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида жорий йилнинг 18–23 октябр кунлари палата ходими З.Норматов ҳамда соҳа мутахассисларидан иборат делегация Афғонистонга хизмат сафари уюштирди. Сафар давомида қуйидаги объектлар ўрганилди:

  • Парвон вилояти, Гулбаҳор туманидаги “Гулбаҳор текстил фабрикаси”;
  • Кобул шаҳридаги тикув цехи;
  • Қандаҳор вилоятидаги “Қандаҳор текстил фабрикаси”;
  • Балх вилояти, Мозори-Шариф шаҳридаги “Балх текстил фабрикаси”;
  • Бағлон вилояти, Пули-Хумри шаҳридаги “Пули-Хумри текстил фабрикаси”.

Ташриф чоғида биноларнинг жорий ҳолати, технологик ускуналар ва инфратузилма имкониятлари баҳоланди, дастлабки лойиҳалаш учун зарур техник-иқтисодий маълумотлар йиғилди.

Айни пайтда экспертлар мазкур маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилишни олиб бормоқда. Ушбу жараёнлар Афғонистондаги тўқимачилик корхоналарини қайта тиклаш ва ишга тушириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқишга хизмат қилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид