Ўзбекистон | 11:29 / 29.10.2025
10024
2 дақиқада ўқилади

Аюбхон Камолов Наманган шаҳри ҳокими этиб тайинланди

У 2019-2020 йилларда Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлган, 5 йилдан буён Марказий банк раиси ўринбосари сифатида ишлаб келаётган эди. Наманган шаҳрининг аввалги ҳокими Анвар Отахўжаев бир неча ой олдин 60 минг доллар пора олишда айбланиб қўлга олинганди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Марказий банк раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган Аюбхон Камолов Наманган шаҳри ҳокими этиб тайинланди.

Тайинлов бугун, 29 октябр куни халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида амалга оширилди.

Йиғилишда Отахўжаев Анвар Хўжахоновични Наманган шаҳар ҳокими лавозимидан озод этиш ҳамда Камолов Аюбхон Орифжоновични Наманган шаҳар ҳокими лавозимига тайинлаш тўғрисида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов киритган таклифларни депутатлар бир овоздан маъқуллади.

Аюбхон Камолов 1971 йилда Наманган шаҳрида туғилган. 1993 йили Ленинград қишлоқ хўжалиги институтини, 2001 йили Наманган муҳандислик-педагогика институтини (сиртқи) тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1993 йилда Наманган вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Истиқболни белгилаш ва статистика бош бошқармаси мутахассислигидан бошлаган. 1994-2017 йилларда банк ва Молия вазирлиги тизимларида турли вазифаларда ишлаган.

2017-2019 йилларда Молия вазирлиги Инвестиция бошқармаси бошлиғи ўринбосари, 2017-2019 йилларда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ижрочи директори лавозимларида фаолият юритган.

2019 йил февралидан 2020 йил декабригача Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлган. 2020 йил декабридан ҳозирги тайинловга қадар Марказий банк раисининг ўринбосари лавозимида ишлаётганди.

Наманган шаҳри собиқ ҳокими Анвар Отахўжаев

Эслатиб ўтамиз, Наманган шаҳрининг собиқ ҳокими Анвар Отахўжаев бир неча ой олдин коррупцияда гумонланиб қўлга олинганди. ДХХ 2 сентябр куни берган хабарга кўра, Отахўжаев ҳокимликнинг девонхона мудири орқали 60 минг доллар олган вақтида ушланган. У кўп қаватли уй қуриш ҳуқуқини олиб бериш ва молиялаштириш эвазига шунча пул олганликда айбланяпти.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид