Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Наманган шаҳар ҳокими қамоққа олинди. У 60 минг доллар пора олганликда айбланмоқда
Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги
Анвар Отахўжаев ҳокимликнинг девонхона мудири орқали 60 минг доллар олган вақтида ушланган. У кўп қаватли уй қуриш ҳуқуқини олиб бериш ва молиялаштириш эвазига шунча пул олганликда айбланяпти. Терговда ҳокимнинг бошқа ноқонуний ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилади, дея хабар берди ДХХ.
Наманган шаҳар ҳокими Анвар Отахўжаев 60 минг доллар олган вақтида ушланди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.
Маълум қилинишича, ҳокими ва пойабзал ишлаб чиқарувчи МЧЖ раҳбари ўзаро тил бириктириб, қурилиш соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган фуқародан шаҳар ҳудудидаги 35 сотих ер майдонида жойлашган маънан эскирган турар-жой бинолари ўрнига кўп қаватли уй барпо этиш ҳуқуқини олиб бериш ва молиялаштириш эвазига 60 минг доллар талаб қилишади.
Ўтказилган тезкор тадбирда дастлаб МЧЖ раҳбари ушбу сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, шаҳар ҳокими ўзининг яна бир ишончли одами бўлган – ҳокимликнинг девонхона мудири орқали МЧЖ раҳбаридан 60 минг доллар олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Ҳозирда Наманган шаҳар ҳокими депутатлик дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бошқармаси Тергов бўлими томонидан унга ва девонхона мудирига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда пора олиш) билан, МЧЖ раҳбарига нисбатан эса Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдордаги фирибгарлик) ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Шаҳар ҳокимига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов доирасида унинг бошқа ноқонуний ҳаракатларига нисбатан ҳам ҳуқуқий баҳо берилади, дейилади ДХХ хабарида.
Маълумот учун, Анвар Отахўжаев Наманган шаҳар ҳокими лавозимига 2023 йил декабрида тайинланган. У 2019-2023 йилларда Чортоқ тумани ҳокими бўлган.
Мавзуга оид
17:37 / 04.12.2025
Сирдарёдаги 9 та туман-шаҳар ҳокимлари Хитойга йўл олади
08:49 / 27.11.2025
Афғонистон, Покистон ва Сурияда жанг қилган ўзбекистонлик қўлга олинди
08:20 / 26.11.2025
Тошкент вилоятида 8,5 гектар ер учун 7,3 млн доллар талаб қилганлар қўлга олинди
20:18 / 21.11.2025