Технология | 22:38 / 29.10.2025
10465
2 дақиқада ўқилади

Биринчи шахсий одамсимон робот NEO сотувга чиқди

NEO оддий маиший вазифаларни бажаришга қодир - нарсаларни кўчириш, эшикларни очиш, тозалаш, нарсаларни жойлаштириш ва овоз ҳамда ўрнатилган сунъий интеллект ёрдамида фойдаланувчи билан мулоқот қилиш.

Фото: 1X Technologies

1X Technologies компанияси инсоннинг кундалик ҳаётида ёрдам бериш учун яратилган ўзининг биринчи шахсий NEO одамсимон роботини расман тақдим этди ва олдиндан буюртмани очди.

Янгилик саноатга эмас, балки уйда фойдаланишга мўлжалланган биринчи тижоратбоп одамсимон роботлардан бирига айланди.

NEO оддий маиший вазифаларни бажаришга қодир - нарсаларни кўчириш, эшикларни очиш, тозалаш, нарсаларни жойлаштириш ва овоз ҳамда ўрнатилган сунъий интеллект ёрдамида фойдаланувчи билан мулоқот қилиш. Робот компьютер кўриш тизими, аудио таҳлил ва тил модели билан жиҳозланган бўлиб, улар табиий суҳбатлар олиб бориш ва хўжайиннинг одатларини эслаб қолиш имконини беради.

Техник хусусиятлари: бўйи: 1,68 м, оғирлиги тахминан 30 кг, юк кўтариш қобилияти 25 кг. Корпус енгил ва хавфсиз материаллардан тайёрланган. Кўплаб сенсорлар, камералар ва карнайлар билан жиҳозланган.

NEO нархи тахминан 20 000 АҚШ долларини ташкил этади, шунингдек, ойига 499 долларлик обуна варианти ҳам таклиф этилади. Дастлабки таъминот 2026 йилда АҚШ ҳудудида, кейинроқ бошқа бозорларда амалга оширилиши кутилмоқда.

1X Technologies (илгари Halodi Robotics номи билан танилган) NEO роботини келажакка қадам сифатида кўрсатмоқда, унда одамсимон роботлар инсоннинг кундалик ҳаёти бир қисмига айланади, турмушда, уйни тозалашда ва мулоқотда ёрдам беради.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид