Ўзбекистон | 12:32 / 29.10.2025
1899
2 дақиқада ўқилади

Ҳокимлик ходимлари самарадорлиги KPI асосида баҳоланади

Адлия вазирлиги “Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимлари фаолиятининг самарадорлигини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаш” бўйича намунавий тартибни давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда туман/шаҳар ҳокимликларида амал қилади.

Фото: Depositphotos

Намунавий тартиб давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимлардаги ҳокимлик ходимлари фаолиятини KPI орқали баҳолашни белгилайди. Ушбу асосда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари ўз ички тартибини ишлаб чиқиб, жорий этади.

Самарадорлик кўрсаткичларига қўйилган талаблар:

— аниқ бўлиши;
— вақт чегарасининг мавжудлиги;
— компетентликка мослиги;
— мақсадлилиги;
— эришиш мумкинлиги;
— ўлчанадиган бўлиши.

Ҳокимлик ходимлари учун KPI ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва баҳолаш белгиланган схемага мувофиқ samaradorlik.uz электрон платформаси орқали амалга оширилади.

Баҳолаш шкаласи:

— 70 баллдан кам — “қониқарсиз” (D);
— 70–85 балл — “қониқарли” (C);
— 85–100 балл — “яхши” (B);
— 100 балл ва ундан юқори — “аъло” (A).

Ҳужжат маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида натижага йўналтирилган бошқарувни кучайтириш, ходимлар фаолиятининг очиқлиги ва ўлчанувчанлигини таъминлашга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид