Жаҳон | 10:11 / 30.10.2025
3028
2 дақиқада ўқилади

Бразилияда наркомафияга қарши операция: деярли 120 киши ҳалок бўлди

Рио-де-Жанейро фавелаларида наркомафияга қарши бразилиялик полициячилар ўтказган рейд натижасида камида 119 киши ҳалок бўлди. Қурбонлар сони борасида мамлакат президенти ва адлия вазири, шунингдек, БМТ бош котиби ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташвиш билдирди.

Фото: Pablo Porciuncula/AFP/Getty Images

Бразилия полицияси Рио-де-Жанейрода наркомафияга қарши рейд ўтказди, натижада 100 дан ортиқ инсон вафот этди. Бу мамлакат тарихидаги энг қонли полиция операцияси ҳисобланмоқда. Бразилия ҳокимияти 119 кишининг ҳалок бўлганини тасдиқлади. Адвокатлар маълумотига кўра, ҳалок бўлганлар сони 130 дан ошиши мумкин.

“Қизил жамоа” бандасига қарши рейдлар 28–29 октябр кунлари Рио-де-Жанейро шимолидаги Алемао ва Пеня фавелаларида ўтказилди. Операцияда тахминан 2500 нафар кучишлатар тузилмалар ходимлари иштирок этди.

Рио-де-Жанейро маъмуриятининг хабар қилишича, 118 дона қурол, жумладан автоматлар ва портловчи моддалар мусодара қилинди. 113 киши, шу жумладан 10 нафар ўсмир қўлга олинди.

Келаси ҳафта Бразилиянинг ушбу мегаполисида БМТ иқлим конференцияси доирасида тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Бразилия адлия вазири Рикардо Левандовски қурбонлар қариндошларига ҳамдардлик билдирди. Унинг сўзларига кўра, президент Луис Инасиу Лула да Силва “қурбонлар сонидан жуда қаттиқ изтиробда”.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам полиция рейдлари оқибатида келиб чиққан қурбонлар сонидан қаттиқ хавотир билдириб, Бразилия ҳокимиятини инсон ҳуқуқларига риоя қилишга ва содир бўлган воқеани тергов қилишга чақирди.

Рейд қораланган баёнотлар билан ўнлаб ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар, жумладан, халқаро Amnesty International ҳам чиқиш қилди. Маҳаллий аҳоли ва адвокатлар AFP агентлигига рейд пайтида айрим қўлга олинганлар бошига ўқ узилиб ўлдирилгани ҳақида хабар берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид