Спорт | 12:19 / 30.10.2025
14211
3 дақиқада ўқилади

«Пахтакор» ва «Бухоро» ўйинидаги баҳсли вазиятлар юзасидан изоҳ берилди

Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази экспертлари ўйинни бошқарган ҳакам 75-дақиқада «Пахтакор» футболчисига қизил карточка кўрсатмай, хато қилганини қайд этди, ўйин охирида бухороликлар урган гол офсайд туфайли бекор қилинганини тўғри қарор деб топди.

29 октябр куни Ўзбекистон кубоги учун «Пахтакор» ва «Бухоро» жамоалари ўртасида кечган баҳс можаро билан тугади. Ўйинда тошкентликлар клуби футболчиси Ҳожимат Эркинов 63-дақиқада урган гол ягоналигини сақлаб қолди ва «Пахтакор» ўз тарихида 14-марта Ўзбекистон кубогини қўлга киритди.

Ижтимоий тармоқларда кўпчилик ҳакамлар ўйинни Тошкент клуби фойдасига нохолис бошқаргани ҳақида ёзишди, «Бухоро» клуби ҳужумчиси Тома Табатадзе эса финалдан сўнг ҳакамларга «пул» ишорасини қилиб, уларни ўйинни сотганликда айблади.

Ўйиндаги икки эпизод баҳсларга сабаб бўлди.

Ўйиннинг 75-дақиқасида, ҳисоб Тошкент жамоаси фойдасига 1:0 бўлиб турганида ушбу жамоа футболчиси Башар Ресан рақибининг оёғига бутсасининг остки қисми билан зарба берди, ўйинни бошқарган ҳакам Наим Қосимов эса бу ҳолат учун сариқ карточка кўрсатиш билан кифояланди.

VAR’​​даги ҳакамлар уни вазиятни қайтадан кўриб чиқиш учун монитор қаршисига чақиришган, у эса видеотакрордан кейин ҳам қарорини ўзгартирмаган.

Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса бухороликлар ҳисобни тенглаштиришди, бош ҳакам аввалига голни инобатга олиб, майдон марказини кўрсатди. Аммо VAR хонасидагилар уни яна бир бор монитор қаршисига чақиришди, у эса бу сафар дастлабки қарорини ўзгартириб, офсайд ҳолатини қайд этди ва гол бекор қилинди.

Натижада «Пахтакор» ғалабали ҳисобни сақлаб қолди.

Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази (ЎзФҲМ) учрашув якунлангач, баҳсли эпизодлар бўйича хулоса берди.

Унга кўра, Наим Қосимов биринчи эпизод бўйича хатога йўл қўйган, рефери 75-дақиқада «Пахтакор» футболчиси Башар Ресанни жиддий қўполлик учун тўғридан тўғри қизил карточка кўрсатган ҳолда майдондан четлатиши керак эди.

Ўз навбатида, VAR аралашувидан кейин «Бухоро»нинг 90+3-дақиқада урган голи инобатга олинмагани тўғри қарор деб топилган. Қайд этилишича, ушбу ҳолатда «Бухоро»нинг биратўла икки футболчиси ўйиндан ташқари ҳолатда бўлган.

«VAR текшируви натижасига кўра, биринчи ҳолатда „Бухоро“нинг 93-рақамли футболчиси (Марко Колакович) офсайд ҳолатида бўлган, иккинчи вазиятда эса 22-рақамли футболчи (Тома Табатадзе) ҳам ўйиндан ташқари ҳолатда бўлган. Шу сабабли ушбу футболчилар ҳужум эпизодида фаол иштирок этгани сабабли голни инобатга олмади.

Қуйидаги суратда вазиятнинг офсайд чизиғи аниқ кўринмоқда – „Бухоро“ футболчиси ҳимоячидан олдинда жойлашган», – дейилади хабарда.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид