Жаҳон | 11:57 / 30.10.2025
12772
3 дақиқада ўқилади

Риодаги қонли рейд: қурбонлар сони 130 кишидан ошди

Бразилия тарихида энг қонли полиция амалиёти оқибатида ҳалок бўлганлар сони 132 нафарга етди. Маҳаллий аҳолининг айтишича, ҳалок бўлган эркакларнинг жасадлари Рио-де-Жанейронинг чеккасидаги майдонга ётқизиб қўйилган. Амалиётда бегуноҳ одамлар ҳам отишмага тушгани борасида кўплаб саволлар очиқ қолмоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

28 октябрь куни Рио-де-Жанейрода шаҳар тарихидаги энг қонли полиция амалиёти ўтказилди. Рио штати ҳукумати сешанба кунги операцияни «Қизил қўмондонлик»тўдасига қарши тарихдаги энг йирик рейд деб атаган. Биринчи кунда қурбонлар сони 64 киши экани, уларнинг 4 нафари полиция ходимлари экани айтилганди.

30 октябрга келиб, қурбонлар сони икки баробарга ошиб, 132 нафарга етган. Аслида бугун ҳам аниқ ҳисоб номаълум қолмоқда.

Маҳаллий аҳоли вакилларига таяниб, New York Times'нинг ёзишича, ҳалок бўлган эркакларнинг жасадлари Рио-де-Жанейронинг чеккасидаги майдонда — бир сафда ётқизилган. Кўпларининг уст-боши ечилган — бу қариндошларга уларни танишни осонлаштириш учун қилинган. Тунда яқин атрофдаги ўрмонзор ҳудудидан яна ўнлаб жасадлар топилган.

Амалиёт қандай кечгани, бегуноҳ одамлар ҳам отишмага тушганми ва ўлимлар учун ким жавобгар экани борасида кўплаб саволлар очиқ қолмоқда. Расмийлардан бири чоршанба куни асосий мақсад — тўда раҳбарини қўлга олиш бажарилмаганини тан олди.

Фото: AP

Кўплаб аҳоли учун фожианинг биринчи белгиси сешанба куни соат 3:30 атрофида итларнинг ваҳимали ҳуришидан бошланган. Орадан кўп ўтмай, интернет ва электр узилган. Соат 5 га яқин, тонг ёришишидан олдин эса ўқ овозлари янграган. Ҳудудга 2 500 дан ортиқ полициячи, ўнлаб зирҳли машиналарда бостириб кирган. Улар «Қизил қўмондонлик» деб аталувчи йирик тўдага алоқадор гиёҳванд сотувчиларни қидиришган. Ҳаво устида икки полиция вертолёти айланиб юрган.

Бу фавқулодда қонли воқеа Рио шаҳрини ларзага солди — бу шаҳар жиноятчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувларга ўрганиб қолган бўлса-да, бундай миқёсдаги фожиани илгари кўрмаган.

 

Фото: New York Times

Рио ҳокимияти узоқ йиллардан бери жиноий гуруҳларга қарши кескин усулларни қўллаб келади. Вилоят губернатори Клаудио Кастро рейдни муваффақият сифатида кўрсатди — 113 киши ҳибсга олинган, 118 дона қурол ва бир тонна гиёҳванд моддалар мусодара қилинганини айтди.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид