Жаҳон | 09:07 / 30.10.2025
2208
2 дақиқада ўқилади

Трамп: АҚШ Жанубий Корея учун атом сувости кемаси қуриб беради

АҚШда Жанубий Корея флоти учун атом сувости кемаси қурилади, деб баёнот берди Доналд Трамп. Ҳозир дунёда атом двигателига эга сувости кемалари бўлган давлатлар атиги олтита. Бундай ишланмалар ҳақида Шимолий Корея ҳам баёнот бериб келади.

Фото: US Navy/via Globallookpress

АҚШ президенти Доналд Трамп Сеулга ташрифи чоғида Жанубий Корея учун атом сувости кемаси қурилишини маълум қилди. “Бизнинг ҳарбий иттифоқимиз илгари ҳеч қачон бу қадар мустаҳкам бўлмаган. Шундан келиб чиқиб, уларда ҳозир мавжуд эскирган ва анча кам манёврли дизел сувости кемалари ўрнига атом сувости кемаси қуришга рухсат бердим”, — деб ёзди Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида 29 октябр куни.

АҚШ президентининг аниқлаштиришича, “Жанубий Корея ўз атом сувости кемасини Филаделфиядаги верфларда қуради”. Ҳозирда атом двигателига эга сувости кемалари АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция, Хитой ва Ҳиндистонда мавжуд. Қатор бошқа мамлакатлар бундай субмариналарни ҳали ишлаб чиқмоқда, шулар қаторида Шимолий Корея расмийлари ҳам бундай лойиҳалар устида ишлаётганини маълум қилган.

Доналд Трамп, шунингдек, Жанубий Корея АҚШ божхона божларини пасайтиришга жавоб тариқасида 350 миллиард доллар тўлашга рози бўлганини билдирди. Трамп бу тарифларни апрел ойида эълон қилган, Жанубий Корея учун йиғимлар аввалига 25 фоиз эди. У пайтда Сеул Вашингтон олдидаги “тарихий қарз” туфайли АҚШ божларига жавоб чоралари кўрилмаслигини билдирганди.

“Улар билан нефт ва газимизни улкан ҳажмларда харид қилишга келишиб олдик. Бой Жанубий Корея компаниялари ва бизнесменлар томонидан мамлакатимизга киритиладиган инвестициялар 600 миллиард доллардан ошади”, — деб қўшимча қилди АҚШ президенти 29 октябр куни.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид