Таълим | 13:30 / 31.10.2025
1440
1 дақиқада ўқилади

Энг яхши 50 нафар техникум педагоглари ҳар йили хорижда малака оширади

Президент қарорига мувофиқ, техникум педагоглари учун босқичма-босқич малака ошириш тизими жорий этилди. Унга кўра, умумтаълим, махсус фан ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталари учун алоҳида платформалар белгилаб берилди, энг яхши натижа кўрсатган 50 нафар педагог йилма-йил хорижга юборилади.

Техникумлар ўқитувчилари малакасини тизимли ошириш мақсадида президентнинг ПҚ–316-сон қарори қабул қилинди

Ҳужжатга кўра:

• умумтаълим фанлари ўқитувчилари А. Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институти ва ҳудудий педагогик маҳорат марказларида тайёрланади;
• махсус фанлар ўқитувчилари етакчи олий таълим ташкилотларида малака оширади;
• ишлаб чиқариш таълими усталари ҳудудий илғор касбий маҳорат техникумлари ҳамда тегишли соҳалар бўйича малака ошириш ташкилотларида ўқитилади.

Қарорга мувофиқ, ҳар йилги малака ошириш жараёнида юқори самара кўрсатган 50 нафар педагог — ишлаб чиқариш таълими устаси, умумтаълим ва махсус фан ўқитувчилари — хорижий таълим муассасалари ва марказларида қисқа муддатли курсларга юборилади. Бу ташаббус педагог кадрларнинг замонавий методикаларни ўзлаштириши, ишлаб чиқариш ва таълим интеграциясини кучайтириш, шунингдек, техникумларда ўқув жараёни сифатини оширишга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид