Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Мансабдор шахсларнинг педагоглар касбий фаолиятига аралашишини қаттиқ қоралаймиз” – вазирлик
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Кармана тумани ҳокими Шоҳрух Болтаев ўқитувчиларни ҳокимликка йиғиб, қарийб 1 соат турғизиб қўйгани ҳолати ўрганилаётганини билдирди. Вазирликка кўра, 2025 йилда ушбу мактаб битирувчиларининг 61 фоизи талаба бўлган. Туман ҳокими бу кўрсаткич 3 йилдан буён 50 фоиздан ошмаганини айтганди.
Кармана туманидаги 9-умумтаълим мактаби ўқитувчилари билан кузатилган ҳолат Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўрганилмоқда. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
“Мактаб ўқувчилари билан учрашган туман ҳокими таълим сифати пастлиги важидан ўқитувчилар иштирокида мажбурий йиғилиш ўтказган. Унда мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи пастлиги танқид қилинган.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, 2025 йилда Кармана туманидаги 9-мактаб битирувчиларининг 61 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган (туман миқёсида 6-ўрин). Ўртача балл кўрсаткичи 98,7 баллни ташкил этган (2024 йилга нисбатан 8 балл ошган)”, дейилган вазирлик хабарида.
Шунингдек, айни вақтда 39 нафар мактаб битирувчисининг 38 нафари турли фан йўналишлари бўйича миллий ва халқаро сертификатларга эгалиги маълум қилинган.
Вазирлик “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунда педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлиши алоҳида қайд этиб қўйилганини эслатиб ўтган.
“Педагогнинг касбий фаолиятига аралашиш ҳамда педагогнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш қатъий тақиқланиши белгиланган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги педагогларнинг мазкур қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш, уларнинг касбий мавқейи ва ишчанлик обрўсини сақлаш бўйича барча зарур ишларни амалга оширишини, шу билан бирга мансабдор шахсларнинг педагоглар касбий фаолиятига аралашишини қаттиқ қоралашини маълум қиламиз”, дейилган муносабатда.
Аввалроқ Навоий вилояти Кармана тумани ҳокими Шоҳрух Болтаев тумандаги 9-мактаб ўқитувчиларини ҳокимликка йиғиб, қарийб 1 соат турғизиб қўйгани хабар қилинганди. Ҳоким Kun.uz’га бу ишни “туманда таълим сифатини кўтаришга ҳаракат” дея изоҳлади.
Мавзуга оид
12:58 / 13.03.2026
Мактабгача таълимда ишловчи педагоглар учун дуал таълим йўлга қўйилади
13:30 / 31.10.2025
Энг яхши 50 нафар техникум педагоглари ҳар йили хорижда малака оширади
12:02 / 10.02.2024
Давлат боғчаларида педагогларнинг ҳафталик иш юкламаси қанчалиги маълум қилинди
18:24 / 29.12.2022