Иқтисодиёт | 13:05 / 31.10.2025
1544
3 дақиқада ўқилади

Сенат “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонунни маъқуллади

Қонун билан касаллик муносабати билан вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш, ишни ёки даромадни йўқотиш бўйича суғурта тўловлари махсус жамғарма томонидан тўланиши белгиланмоқда.

Фото: Shutterstock

Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлисида “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилиниб, маъқулланди, дея хабар бермоқда палата матбуот хизмати.

Мазкур Қонун илгари сенаторлар томонидан билдирилган қатор эътирозлар асосида рад этилган эди. Сўнг Олий Мажлис палаталари ўртасида келишув комиссияси тузилиб, ҳужжат қайта ишлаб чиқилди.

Қонунга кўра, касаллик сабабли вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш, ишни ёки даромадни йўқотиш билан боғлиқ суғурта тўловлари Давлат ижтимоий суғуртаси жамғармаси томонидан амалга оширилади.

“Бундай суғурта ҳодисалари юзага келган тақдирда жамғарма суғурталанган шахсларга ёки уларнинг оила аъзоларига вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳамда ишдан бўшатиш нафақасини тўлаб беради”, — дейилади расмий хабарда.

Таъкидланишича, жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

• ижтимоий солиқнинг бир қисми;

• суғурта бадаллари;

• республика бюджети маблағлари;

• жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини депозитларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

• қонунчиликда тақиқланмаган бошқа тушумлар.

Шунингдек, қонунда давлат ижтимоий суғуртасининг амал қилиши кимлар учун мажбурий, кимлар учун ихтиёрий асосда бўлиши ҳам белгиланган.

Мажбурий суғурта билан қамраб олинадиган фуқаролар учун суғурта бадали Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонун билан белгиланган миқдорларда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг бир қисми ҳисобидан шакллантирилади.

Ихтиёрий суғурта билан қамраб олинадиган шахслар эса қонунчиликда белгиланган энг кам тўлов миқдоридан кам бўлмаган бадал тўлайди.

Ялпи мажлисда сенаторлар суғурта бадаллари миқдори, суғурталанган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, суғурта тизими барқарорлигини таъминлаш кафолатлари, тўловларни тайинлаш, тўхтатиб туриш ва бекор қилиш тартиблари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

“Қонуннинг қабул қилиниши ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, иш берувчиларга юклатилган ижтимоий тўловлар юкини камайтириш ҳамда ишга қабул қилиш жараёнида хотин-қизларга нисбатан камситиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади”, — дейилади хабарда.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Эслатиб ўтамиз, “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 2024 йилда ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган эди

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид