Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Болгария РФга қаратилган санкциялар сабаб ёнилғи экспортини тўхтатди
АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти «Роснефть» ва «Лукойл»га нисбатан санкциялар жорий этгани шароитида Болгарияда нефт маҳсулотлари танқислиги юзага келиши мумкин ва мамлакат дизел ҳамда авиация ёнилғиси экспортини, шу жумладан ЕИнинг бошқа давлатларига чиқаришни ҳам вақтинча тўхтатмоқда.
Фото: Joko/Bildagentur-online/picture alliance
Болгария парламенти келгусида ушбу ёнилғи турлари етишмовчилигининг олдини олиш мақсадида 31 октябр куни мос қарор қабул қилди, деб хабар берди dpa агентлиги.
Dpa эслатишича, Болгариянинг Бургас шаҳри яқинида «Лукойл–Нефтохим» нефтни қайта ишлаш заводи жойлашган. Бундан ташқари, Россия компанияси мамлакатда ёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғини ҳам бошқаради. Санкциялар унинг Болгариядаги барча активларига тааллуқли.
Ҳукумат коалицияси депутатлари мамлакатдаги ёнилғи захиралари бир неча ойга етишига кафолат берди, деб ёзади dpa. Экспортни тўхтатиш ҳақидаги қонун лойиҳасини 135 депутат қўллаб-қувватлади, 4 нафари қарши чиқди, 42 нафари бетараф қолди.
Болгария Евроиттифоқнинг 2027 йил охирига бориб Россия гази экспортидан воз кечиш режасини қўллаб-қувватлаган. Шу билан бирга, айнан унинг ҳудудидан ЕИга Россия газини етказиб берувчи сўнгги қувур — «Турк оқими» — ўтади. Бу эса, 2025 йил сентябр ойи охирида Politico ёзганидек, Венгрия ва Словакия Россиядан газ харид қилиш имкониятидан маҳрум бўлишини англатади.
Мамлакат энергетика вазири Жечо Станковнинг айтишича, 2028 йил 1 январига бориб Европада Россия газидан фойдаланиш бутунлай тўхтатилади. Ундан бир неча кун олдин, БМТ Бош Ассамблеясининг йиғилишида Доналд Трамп Европани Россия энергия манбалари харидини тўхтатишга чақирганидан кейин, Болгария бош вазири Росен Желязков ҳам София ЕИ қарорларига қўшилиб, «қисқа муддатда Россия табиий газидан фойдаланиш ёки унинг транзити бўйича шартномаларни бекор қилиш»га тайёрлигини маълум қилган эди.