Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Лондонда дерби, «Сити» ва «Ливерпул»да қийин рақиблар. Ҳафта ўйинлари анонси
Италия ва Германияда ҳам грандлар ўзаро тўқнашади.
Фото: Getty Imagеs
Бу ҳафтадан Европада вақт бир соатга сурилади ва энди биз ўйинларни кечроқ кўришга, бир соат камроқ ухлашга мажбурмиз. Буни илк бор «Ливерпул» мухлислари ўз танасида синаб кўришади – «Астон Вилла»га қарши ўйин Тошкент вақти билан 2 ноябрга ўтар кечаси соат бирда бошланади. Шунингдек, бу ҳафта Англияда Лондон дербиси, Италияда Милан ва Рим тўқнашуви, Туркияда эса Истанбул дербиси бор. Абдуқодир Ҳусановни эса Англиянинг энг кучли вингерларидан бири синовдан ўтказиши мумкин. Ёки Абдуқодир уни синовдан ўтказади.
«ТОТТЕНҲЭМ» – «ЧЕЛСИ» (1 ноябр, 22:30)
Икки жамоа турнир жадвалининг турли бурчакларида тургандек тасаввур уйғотса-да, зичлик шу қадар юқорики, орани биргина ғалаба ажратиб турибди. «Челси» ғалаба қозонган тақдирда, «Тоттенҳэм»га очколар бўйича етиб олиши мумкин. Ушбу стадионда ўтган сўнгги учрашувни ҳам эсласангиз керак – мезбонларнинг икки тезкор голи билан бошланган ўйин якунда «Челси»нинг 4:3 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланганди. Умуман олганда, ўзаро учрашувларда «Челси» яққол устунликка эга – охирги 30 ўйиннинг 16 тасида айнан «кўклар»нинг қўли баланд келган.
Томас Франк ўтган мавсумни жуда ёмон ўтказган «Тоттенҳэм»ни бирданига турнир жадвали юқори қисмига кўтарган бўлса-да, агар вазиятга чуқурроқ қаралса, бошқа факторлар ҳам рол ўйнаганини пайқаш мумкин. Масалан, дастлабки турларда жамоа кўпроқ турнир жадвалининг пастки қисмидаги рақибларга қарши ўйнади. «Тоттенҳэм»нинг АПЛдаги кейинги рақиблари эса «Челси», «Манчестер Юнайтед» ва «Арсенал». Бу орада Чемпионлар Лигасида «Копенҳаген» ва «ПСЖ»га қарши ўйинлар ҳам борлиги эътиборга олинса, жамоа учун ҳақиқий синов даври бошланмоқда. Ноябр ойи охирида, яъни мана шу учрашувлар натижасига қараб, бу мавсумдаги «Тоттенҳэм»нинг ҳақиқий истиқболи ҳақида аниқроқ баҳо бериш мумкин.
«Челси» эса мавсум бошида, айниқса, ёзда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидаги салоҳиятдан келиб чиқиб, ҳатто чемпионлик учун «Ливерпул» ва «Арсенал»га рақобат кўрсатиши мумкин бўлган энг яқин куч сифатида тилга олинаётганди. Аммо ҳам жароҳатлар, ҳам ўйиндаги беқарорлик туфайли ҳозирча Энцо Мареска шогирдлари кутилган ўринларда эмас. Тўққизинчи турда лига дебютанти «Сандерленд»га қарши ўйин кутилмаганда сўнгги дақиқаларда ўтказилган гол туфайли мағлубият билан якунлангани бунга яққол мисол. Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати қаҳрамонларидан бири бўлган ҳужумчи Жоао Педру янги мавсумни ҳам зўр бошлаганди, аммо охирги 11 учрашувда унда атиги 4 та аниқ зарба бор. Бирорта ҳам гол ура олмаган.
Дарвоқе, жароҳатлар борасида ҳар икки жамоада ҳам аҳвол яхши эмас. «Челси»да ҳар бир чизиқда жароҳатлар бор – ҳимоячи Коллуил, яримҳимоячи Палмер ва ҳужумчи Делап анчадан бери ўйнай олмапяти. Делап жароҳатдан тикланиб, Лига кубогида майдонга тушганди, аммо қизил карточка олиб майдондан четлатилди. Энди дербида у дисквалификация туфайли қатнаша олмайди. «Тоттенҳэм»да эса Мэддисон ва Кулушевски каби етакчи футболчилар мавсум бошидаёқ сафдан чиқишган. Шунингдек, Грэй, Дэвис, Ромеро, Удожи, Драгушин ва Биссума каби асосий таркиб футболчилари ҳам шерикларига ёрдам бера олишмаяпти.
«БАВАРИЯ» – «БАЙЕР» (1 ноябр, 22:30)
Чоршанба куни «Бавария» Германия кубогида «Кёлн» меҳмони бўлди ва 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу Компани шогирдларининг мавсум бошидан буён қаторасига 14-ғалабаси эди. «Бавария» ҳали бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаган ва дуранг қайд этмаган ягона жамоа бўлиб турибди. Мана шу 14 ғалабанинг 9 таси йирик ҳисобида қўлга киритилгани, умуман мюнхенликлар аллақачон 51 гол уриб бўлгани ҳам жамоа нақадар юқори формада эканини кўрсатади. Бу кетишда «Бавария» мавсум ярмидаёқ юзлик довонни босиб ўтиши мумкин. Ҳарри Кейн эса Бундеслиганинг ўзида 12 гол уришга улгурда, бу лиганинг 9 жамоасиникидан кўпроқ.
«Байер» эса мавсумни бироз муваффақиятсиз бошлаганди ва 3 турдан кейиноқ Эрик тен Ҳаг истеъфога чиқарилди. Янги бош мураббий Ҳюлманд даврида ишлар анча юришиб қолди – 10 ўйинда атиги бир мағлубият. У ҳам «ПСЖ»га қарши учрашувда. Бундеслиганинг ўзида эса қаторасига 4 ғалаба қайд этилди. Қолаверса, сўнгги йилларда леверкузенликлар «Бавария»га қарши муваффақиятли ўйнаб келмоқда. Бундеслига доирасидаги охирги 5 ўйинда «Байер» мағлубиятга учрамаган. Яъни агар «Бавария»нинг бу сериясини кимдир тўхтатиши керак бўлса, «Байер» энг яхши номзод. Тўғри, бошқа икки омилни ҳам эътиборга олиш керак. Биринчидан, юқорида айтилган муваффақиятли ўйинлар Хаби Алонсо бош мураббий бўлган пайтда эди. Иккинчидан, жамоалар ўртасидаги сўнгги икки учрашув Чемпионлар Лигаси нимчоракфиналига тўғри келади. Ўшанда «Бавария» умумий 5:0 ҳисобида иккала баҳсни ҳам ўз фойдасига ҳал қилганди.
Икки жамоада ҳам йўқотишлар бор. «Бавария»да Дэвис ҳам, Мусиала ҳам, Ито ҳам ҳали мавсум бошланмасдан сафдан чиқишган эди, яъни Компани тўлиқ таркибдан бемалол фойдалана олади. «Байер»да йўқотишлар анча кўп. Тилман, Таре-Кобрисса, Васкес, Фернандес ва Телла майдонга туша олишмайди. Келаси ҳафта Чемпионлар Лигасида «Бенфика»га қарши қийин сафар кутиб тургани ҳам эътиборга олинса, бу йўқотишлар катта аҳамият касб этади. Дарвоқе, келаси ҳафта «Бавария»ни ҳам муҳим сафар ўйини кутиб турибди. Компани шогирдлари Парижда «ПСЖ»га қарши майдонга тушади. Ғалабали серия давом этармикин?
«ЛИВЕРПУЛ» – «АСТОН ВИЛЛА» (2 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)
«Ливерпул»да инқироз давом этмоқда. Аслида, жамоа «Манчестер Юнайтед»га қарши жуда яхши ўйнаган, агар омад келганда бемалол ғалаба қозониши ҳам мумкин эди. Яъни аслида ўша ўйин «Ливерпул» инқироздан чиқаётганини кўрсатгандек эди. Франкфуртда «Айнтрахт» устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонилгач, бу фараз тасдиқланди ҳам. Лекин «Брентфорд»га қарши «Ливерпул» мавсумдаги энг ёмон ўйинларидан бирини ўтказди. Бошқа мағлубиятларда кўп жабҳаларда Слот шогирдлари рақибдан ёмон кўринмаганди, «Брентфорд» эса ҳар томонлама устунлик қилди ва айнан шу ўйиндан кейин Слотнинг истеъфоси, Клоппнинг қайтиши мумкинлиги гапирила бошланди.
Бунинг устига «Брентфорд»га қарши ўйинда «Ливерпул» учун ноқулай ўйин услуби яққол намоён бўлди. Яъни «Челси» ва «МЮ» асосан юқори савияли ижрочилар ва реализация ҳисобига ғалаба қозонгани айтилган бўлса, «Брентфорд» айнан маълум услуб эвазига устунлик қилди – узун паслар, стандартлар. Бу энди янада хавфли, зеро энди рақиблар «Ливерпул»га қарши айнан мана шу услубга мурожаат қилишни бошлашади ва Слот учун ноқулай сценарийлар янада кўпаяди. Яқинда эълон қилинган статистикага кўра, бу мавсумда узун паслар билан энг кўп айнан «Ливерпул»га қарши ўйнашмоқда.
Бу сафарги рақиб ҳам анойи эмас. Унаи Эмери алоҳида учрашувларга тайёрланиш, рақибнинг ожиз нуқталарига зарба бериш орқали натижага эришишга уста ҳисобланади. Қолаверса, «Вилла» аста-секин формасини тиклаб олди. Дастлабки 4 турда бирорта ҳам гол ура олмаган, илк ғалабасига 6-турга келибгина эришган бирмингҳэмликлар сўнгги тўрт ўйиндаги ғалабали серия эвазига очколар бўйича «Ливерпул»га етиб ҳам олди. Сўнгги турда «Манчестер Сити» устидан қозонилган ғалаба ҳам кўрсатиб турибди – жамоа иккинчи рақамда ўйнашда ҳалиям хавфли. Умуман, ўзаро учрашувларни олганда ҳам, масалан, «Энфилд»даги охирги 11 ўйиннинг 5 тасида «Астон Вилла» камида 1 очко олиб кетишнинг уддасидан чиққан. «Ливерпул» меҳмонлари учун жуда катта рақам.
Жароҳатларга келадиган бўлсак, Алисон ҳали ҳам қайтгани йўқ. Арне Слот матбуот анжуманида Исак ва Кетрин Жонс бу ўйинда қатнаша олмаслигини маълум қилди. Шунингдек, Фримпонг камида яна бир ойдан кейин майдонга қайтиши мумкин. «Астон Вилла» таркибида эса «Манчестер Сити»га қарши ўйинда ассист муаллифи бўлган, лекин жароҳат туфайли алмаштирилган Эмилиано Буэндия ўйнай олмайди. Юри Тилеманснинг қайтишига ҳам камида бир ой вақт бор. Ҳарви Эллиот эса айнан «Ливерпул»дан сотиб олиш ҳуқуқи билан ижара олингани туфайли, собиқ жамоасига қарши ўйнай олмайди.
«Ливерпул» муваффақиятсиз сериясини узиш учун бу учрашувда ғалаба қозониши шарт. Зеро, ундан кейинги турда «Манчестер Сити»га қарши сафар ўйини кутмоқда. Орада ЕЧЛ доирасида Мадридда «Реал»га қарши ўйин ҳам бор.
«МАНЧЕСТЕР СИТИ» – «БОРНМУТ» (2 ноябр, 21:30)
«Борнмут» АПЛнинг янги мавсумидаги кашфиётлардан бири. Тўғри, Ираола шогирдлари ўтган мавсумда ҳам яхши таассурот қолдиришган, аммо ёзнинг ўзида уч нафар асосий ҳимоячи (Керкез, Забарни, Ҳаусен), шунингдек, яримҳимоячи Уаттара ҳамда дарвозабон Кепани қўйиб юборгач, ҳатто лигани тарк этиш учун номзодлардан бири сифатида кўрила бошланганди. Лекин жамоа айни пайтда турнир жадвалида иккинчи ўринда бормоқда, биринчи турда «Энфилд»да мағлубиятга учраганидан буён ҳали бирор марта ютқазмади. Яъни айни пайтда АПЛда энг узоқ мағлубиятсиз серия ҳам айнан «Борнмут»га тегишли – 5 ғалаба ва 3 дуранг. Энди эса жамоа қаторасига икки ўйинни сафарда ўтказади – «Манчестер Сити» ва «Астон Вилла» билан. Иккинчи ўрин дейилгани билан турнир жадвалининг юқори қисми анча зич, 11-ўриндаги «Брентфорд» билан фарқ атиги 5 очкони ташкил қилмоқда. Яъни икки мағлубият ҳам «Борнмут»ни анча пастга тушириб юбориш хавфи бор.
Худди шундай хавф «Манчестер Сити»га ҳам тааллуқли. «Ливерпул»нинг пасайишидан сўнг, «Арсенал»га чемпионлик пойгасида асосий рақиб ким, деган саволга айнан «шаҳарликлар»ни кўрсата бошлашганди. Аммо «Астон Вилла»дан мағлубият муаммоларни очиб берди. Аниқроғи, битта катта муаммо – Ҳоландга бўлган боғлиқлик. «Манчестер Сити» АПЛ ўйинларида 17 гол урган бўлса, 11 таси Эрлинг Ҳоландга тегишли. Яна бир неча футболчи биттадан гол урган, холос. Яъни рақиблар ҳужумда асосий хавф кимдан эканини яққол билишади, керакли пайтда сермаҳсулликни ўзига олиши мумкин бўлган футболчилар кўринмаяпти.
Иккинчи ҳужумчи Омар Мармуш эса орада жароҳат ҳам олди, қолаверса, у Ҳоланд билан бир вақтда майдонда ҳаракат қилганда у қадар фойдали бўлмаяпти. Ўтган мавсумда ҳам Мармуш кўп голларини Ҳоланд жароҳат олган пайтда, унинг ўрнида майдонга тушиб урганини ҳам унутмаслик керак. Умуман, Пеп Гвардиола жамоасида голлар бу қадар бир футболчига боғланиб қолиши унинг фаолиятида биринчи марта бўлса керак.
Яхши хабар – Абдуқодир Ҳусанов жароҳатдан тикланди ва Лига кубоги нимчоракфиналида «Суонси»га қарши ўйинда асосий таркибда ҳаракат қилди ҳам. Пеп Гвардиола уни илк дақиқалардан майдонга тушириб, кейин захирага ҳам олганининг ўз сабаби бўлиши мумкин. Маълумки, «Борнмут»нинг энг хавфли ҳужумчиси Антуан Семенё ҳисобланади ва у мавсум бошида чемпионатнинг энг яхшиларидан бири бўлиб турибди. Ўтган йили «Борнмут» бошқа ижрочиларга ҳам кўпроқ таянган бўлса, ҳозир аксарият ҳужумлар айнан Семенё орқали амалга оширилмоқда. Шу туфайли унда аллақачон 6 гол ва 3 ассист бор – лигада Ҳоландникидан кейинги кўрсаткич. У асосан чап қанотда ҳаракат қилади ва жуда тезкор. Гвардиола ҳимоянинг ўнг қанотига анча ҳужумкор бўлган Нунез ёки Люисни эмас, айнан Абдуқодирни тушириш эҳтимоли каттароқ. Хуллас, ўзбекистонлик ҳимоячини яна бир яхши имтиҳон кутяпти, дейиш мумкин.
Ўзаро ўйинларга қаралса, «Манчестер Сити» азалдан «Бормунт»га қарши муваффақиятли тўп суради. АПЛ доирасидаги охирги 8 уй учрашувининг барчасида ғалаба қозонган. Жами 16 ўйиндан атиги бир марта мағлуб бўлган, у ҳам ўтган мавсум жамоа инқирозга учраб, ҳаммага ютқазаётган даврга тўғри келади.
«МИЛАН» – «РОМА» (3 ноябрга ўтар кечаси, 00:45)
«Милан» бир муддат чемпионлик учун яққол фаворит сифатида кўрилганди. Таркиб жиҳатидан балки рақиблардан кучсиз кўриниши мумкин, аммо биринчидан, бу мавсум жамоа еврокубокларда қатнашмайди. Бу фактор эса қанчалик муҳим эканини ўтган мавсум чемпиони «Наполи» тасдиқлаши мумкин. Иккинчидан, Лука Модрич – тажрибали футболчи мавсумда кутилгандан ҳам яхши бошлади, ўтган ой А Сериянинг энг зўр футболчиси деб топилди. Шунингдек, «Наполи»га қарши анча ишончли ўйин ҳам «Милан»нинг салоҳияти кўпчилик ўйлаганидан анча юқори бўлиши мумкинлигини намоён қилганди.
Лекин сўнгги тўрт турдаги уч дуранг жуда яхши фарқни юзага келтириш бўлган тиғиз даврда панд берди. «Ювентус» ва «Аталанта»га қарши сафар учрашувлардаги дурангни аслида Аллегри шогирдларининг активига ёзиш ҳам мумкин, лекин ҳаммасини «Пиза»га қарши уй учрашувидаги дуранг бузиб турибди. Ҳа, ҳар қандай топ-клубда ҳам шундай кунлар бўлиб туради, лекин «Милан» аранг сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолгани, вазиятлар бўйича «Пиза» ҳам бўш келмагани эътиборга олинса, «Милан»да бундай ёмон кунлар келажакда яна кўпроқ бўлиши мумкинлигидан далолат қилмоқда. «Рома»га қарши ўйин ортидан шу ойнинг ўзида «Милан»ни «Интер» ва «Лацио»га қарши баҳслар ҳам кутиб турибди.
«Рома» ҳам ўзига хос жамоа. Гасперинининг келиши билан римликлар бутунлай бошқача ўйин намойиш этиши кутилганди, лекин натижалар кўпроқ Раниерини эслатиб юбормоқда. «Бўрилар» нафақат А Серия, балки кучли бешликда ҳам энг кам гол ўтказган жамоалардан бири бўлиб турибди. Бу борада фақат «Арсенал» яхшироқ, холос. Жамоа иштирокидаги жуда кўп ўйинлар 1:0 ёки бошқа минимал ҳисобларда якунланмоқда. Шундай бўлса-да, «Рома» айни дамда турнир жадвалини «Наполи» билан бирга бошқармоқда ва ғалаба қозонса, ягона пешқадамга айланиб олиши ҳам мумкин.
Аслида Миланда муносиб қаршилик қилиш «Рома» учун у қадар катта сюрприз ҳам эмас, сўнгги 15 ўзаро ўйиндан 6 марта мағлубиятга учрашган. Шу билан бирга, «Рома»нинг А Серия доирасида «Сан Сиро»даги сўнгги ғалабаси 2017 йилга тўғри келади. Бир йил олдинги 1:0 ҳисобидаги ғалаба эса Европа Лигасида содир бўлганди.
Жароҳатларга келсак, «Милан»нинг дурангли даври икки етакчи футболчи – Пулишич ва Рабионинг сафдан чиқиши билан бошланганди. Бу футболчилар «Рома»га қарши ўйинни ҳам ўтказиб юборишади. Шунингдек, Фикайо Томорининг майдонга тушиши сўроқ остида экани айтилмоқда. Меҳмонлар сафида эса Эван Фергюсон ва Анхелино шерикларига ёрдам бера олишмайди.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
1 ноябр. Ноттингем Форест – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (20:00), Бёрнли – АРСЕНАЛ (20:00), АТЛЕТИКО – Севиля (20:15), ПСЖ – Ницца (21:00), НАПОЛИ – Комо (22:00) Крамонезе – ЮВЕНТУС (2 ноябрга ўтар кечаси, 00:45), РЕАЛ – Валенсия (2 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)
2 ноябр. Верона – ИНТЕР (16:30), Вест Ҳэм – НЮКАСЛ (19:00), БЕШИКТОШ – ФАНЕРБАҲЧЕ (22:00), БАРСЕЛОНА – Элче (22:30)
Мавзуга оид
15:30 / 22.11.2025
Лондон ва Миланда дерби, "Барса" "Камп Ноу"га қайтмоқда. Ҳафта ўйинлари анонси
15:28 / 08.03.2025
«МЮ» «Арсенал»га қарши, «Сити» учун 3-ўринга кўтарилиш имконияти. Ҳафта ўйинлари анонси
15:58 / 01.03.2025
Италияда мавсумнинг марказий ўйини, «Реал» ва «Атлетико» учун қийин синов. Ҳафта ўйинлари анонси
16:32 / 22.02.2025