АСТОН ВИЛЛА – ЧЕЛСИ (22 феврал, 22:30)

«Челси» Англия Премьер Лигаси доирасидаги охирги 9 ўйинда атиги 2 ўйинда ғалаба қозонди. Табиийки, бу натижалар яқиндагина топ-4 учун фаворит бўлган лондонликларнинг имкониятини пасайтириб юборди. Ҳатто Энцо Марескага нисбатан босим ортиб, истеъфо ҳақида ҳам фикрлар янграй бошлаганини айтиш мумкин.

Аммо бу ерда муҳим жиҳатни эътиборга олиш керак. Яқинда «Челси» собиқ футболчиси Жон Оби Микел бугунги ҳолатнинг асосий айбдори сифатида мураббийни эмас, ушбу таркибни йиққанларни кўрсатиш кераклиги ҳақида мулоҳазалари билан ўртоқлашганди. Жонннинг айтишича, таркиб ҳар қанча кучли, иқтидорли футболчилардан ташкил топган бўлмасин, майдонда тажрибали футболчилар ҳам бўлиши шартлигини таъкидлади. Ростан ҳам ўша Абрамовичнинг илк йилларида ҳам, яқинда Чемпионлар Лигасини ютган таркибда ҳам ёшлар билан бир қаторда ҳар чизиқда тажрибали футболчилар ўйнаганини эсласангиз керак.

«Астон Вилла» мана шундай қийин пайтда қарши ўйнаш учун энг ноқулай жамоалардан бири экани шубҳасиз. Эмери шогирдлари уч кун олдин «Ливерпул»га ҳам муносиб қаршилик кўрсатиб, очко олишнинг уддасидан чиқишди. Таркибга янги қўшилган Рэшфорд, Асенсио каби футболчилар ўйинга янги чизгиларни қўшиб, «Астон Вилла»ни янада хавфлироқ жамоага айлантираётгани ҳам бор гап. Биринчи даврада Лондонда мезбонлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонгани ҳам «Астон Вилла»га қўшимча мотивация беради.

Меҳмонларга ёрдам бериши мумкин бўлган фактор эса юқорида эслаб ўтилган ўйин – «Астон Вилла» уч кун олдин «Ливерпул» билан қийин учрашув ўтказди, табиийки, жисмоний томондан «Челси»га нисбатан ёмонроқ ҳолатда бўлиши табиий. Умуман Эмери жамоаси уч кунда бир режимда яхши натижалар қайд эта олмаётгани аввал ҳам эътироф этилганди. Масалан, жамоа ҳафта ўртасида Чемпионлар Лигасида учрашув ўтказган ҳафталарда АПЛ ўйинида очко йўқотган. Асосан бир хил таркибда ҳаракат қиладиган «Астон Вилла» учун бу режим анча ноқулайлик туғдиради.

Жароҳатлар борасида ҳар икки томонда етарлича муаммолар бор. Леон Бэйли, Онана, Пау Торрес каби футболчилар мезбонлар таркибида ҳар чизиқдаги етакчи футболчилардир. Шунингдек, Камара ва Росс Баркли ҳам шерикларига ёрдам бера олишмайди. «Челси» эса сўнгги ўйинларда ҳам Жексонни, ҳам Мадуэкени йўқотди – ҳужум чизиғи учун жиддий зарба. Бадиашил, Фофана, Лавия каби футболчилар ҳам жароҳат туфайли шерикларига ёрдам бера олишмайди.

НЮКАСЛ – НОТТИНГҲЕМ ФОРЕСТ (23 феврал, 19:00)