Ўзбекистон | 13:06 / 01.11.2025
9849
2 дақиқада ўқилади

Навоийда иккита туманга янги ҳоким тайинланди

Шоҳрух Болтаев Кармана, Алишер Рашидов Навбаҳор тумани ҳокими этиб тайинланди. Бугунгача ушбу туманларга раҳбарлик қилиб келган Валижон Адизов ҳамда Азамат Ўроқов ўз аризаларига асосан лавозимидан озод этилган.

Навоий вилоятида иккита туманга янги ҳоким тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бугун Кармана ва Навбаҳор туманларида маҳаллий кенгаш сессиялари ўтказилган. Уларда Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов иштирок этган.

Кармана туманига Болтаев Шоҳрух Шавкатович ҳоким этиб тайинланган.

Бунга қадар у Кармана тумани ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётганди.

Шоҳрух Болтаев 1988 йилда Қизилтепа туманида таваллуд топган. 2012 йилда Навоий давлат педагогика институтини, 2021 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган.

2024 йил январидан буён туманга раҳбарлик қилиб келган Валижон Адизов ўз аризасига асосан лавозимидан озод қилинган.

Навбаҳор тумани ҳокими лавозимига Рашидов Алишер Абдураззоқович тайинланди.

Тайинловга қадар у Навоий вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган.

Алишер Рашидов 2000 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтини тамомлаган. 2006 йилда Тошкент Давлат аграр университети қошидаги қишлоқ хўжалик корхоналари раҳбарларни тайёрлаш ва кадрлар малакасини ошириш маркази ҳамда 2012 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва Жамият қурилиши академиясини тугатган.

Навбаҳор тумани ҳокими лавозимида 2022 йил май ойидан буён Азамат Ўроқов ишлаб келаётганди. Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбарининг Kun.uz’га билдиришича, у ҳам ўз аризасига асосан лавозимидан озод қилинган.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид