Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Венесуэла қирғоқларига 16 минг кишилик ҳарбий гуруҳни жўнатди
Кариб ҳавзасида кенг кўламли АҚШ ҳарбий иштироки Трамп маъмуриятининг минтақадаги операцияларни кенгайтиришга тайёргарлик кўраётганидан далолат беради.
Фото: navy.mil
Президент Доналд Трамп Венесуэла қирғоқларига 16 минг кишидан иборат ҳарбий гуруҳни жўнатди, деб ёзди The Washington Post. Нашр маълумотларига кўра, кучлар таркибига саккизта ҳарбий кема, атом сувости кемаси ва авиация, жумладан, B-52 стратегик бомбардимончи самолёти ва F-35 қирувчи самолётлари киради. Бундан ташқари, бешта кузатувчи кема билан бирга Gerald Ford авиаташувчиси Кариб денгизига юборилди.
Кариб ҳавзасида кенг кўламли АҚШ ҳарбий иштироки Трамп маъмуриятининг минтақадаги операцияларни кенгайтиришга тайёргарлик кўраётганидан далолат беради. Бу Вашингтон ва Каракас ўртасидаги муносабатларда кескинликнинг кучайишига олиб келади ва Қўшма Штатларнинг Венесуэла ҳудудига биринчи зарба бериш эҳтимолини оширади, дея таъкидлайди нашр.
АҚШ 24 октябрь куни Gerald Ford бошчилигидаги ҳужум гуруҳини жойлаштиришини эълон қилди. Оқ уй бу қадамни минтақада наркотрафикка қарши кураш бўйича операциялар кучайтирилгани билан изоҳлади. Шу куни Вашингтон Колумбия президенти Густаво Петрога қарши санкциялар киритди.
The Wall Street Journal ва The New York Post ўз манбаларига таяниб, АҚШ маъмурияти гиёҳванд моддалар савдосига қарши операциялар доирасида Венесуэла ҳудудидаги ҳарбий нишонларга эҳтимолий зарбаларни маъқуллаганини ва Пентагон тез орада ҳаракатларни бошлаши мумкинлигини ёзган. Доналд Трампнинг ўзи бундай хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини такрорлаб келяпти.
The Washington Post нашрига кўра, Венесуэла президенти Николас Мадуро Россиядан ҳарбий ёрдам сўраган. Каракас Москвадан 14 та зенит-ракета мажмуасини етказиб бериш, бир нечта Су-30МК2 қирувчи самолётларини таъмирлаш ва тиклаш, саккизта двигателни мукаммал таъмирлаш, бешта радарни таъмирлаш ва логистика ёрдамини сўраган. Шу билан бирга, Мадуро Хитой ва Эронга «ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш»ни сўралган мурожаатларни юборган. Нашр Пекин ва Теҳрон бунга қандай муносабат билдирганига аниқлик киритмаган.
Мавзуга оид
10:41
CNN: “Тугамас уруш” Трамп учун сиёсий юкка айланмоқда, Европа музокаралар таназзулидан хавотирда
09:59
АҚШ Венесуэла соҳиллари яқинида жуда йирик нефть танкерини мусодара қилди
09:10
Европа етакчилари Трамп билан Украина бўйича тинчлик йўлларини изламоқда
08:59