Жаҳон | 11:30 / 03.11.2025
2875
2 дақиқада ўқилади

Доналд Трамп АҚШ ва Венесуэла уруши эҳтимолига шубҳа билдирди

АҚШ президенти Трамп Венесуэла билан уруш эҳтимолига шубҳа билдирди, аммо Николас Мадуронинг давлат раҳбари лавозимида қолиши керак эмас, деб ҳисоблайди. Вашингтон наркотиклар контрабандасига алоқадор деб гумон қилинган кемаларга зарбаларни давом эттирмоқда.

Фото: Mark Schiefelbein/AP Photo/dpa/picture alliance

Америка президенти Доналд Трамп АҚШнинг Венесуэла билан уруш эҳтимолига шубҳа билдирди, бироқ Николас Мадуронинг мамлакат раҳбари сифатидаги кунлари саноқли, деган фикрда. Трамп бу ҳақда CBS’нинг “60 дақиқа” дастурига берган интервюсида айтиб ўтди, кўрсатув 2 ноябр куни эфирга узатилди.

Икки давлат ўртасида ҳарбий ҳаракатлар бошланиши эҳтимоли ҳақидаги саволга Оқ уй раҳбари: «Мен бунга шубҳа билан қарайман. Мен шундай деб ўйламайман», — деб жавоб берди. Мадуро яқин орада ҳозирги лавозимини тарк этиши ёки этмаслиги ҳақида сўралганида эса Трамп: «Мен шундай деган бўлардим — ҳа», — деди.

АКШда наркотик савдосида айблаш хавфи остида турган Мадуро эса, аввалроқ, бу айбловлар Вашингтон томонидан Каракасда “режим алмашишини” мажбурий тарзда амалга ошириш ва Венесуэла нефтини қўлга киритиш баҳонаси сифатида ишлатилаётганини айтган эди, деб хабар берди AFP.

2025 йил сентябр ойи бошидан АҚШ ҳарбий кемалари халқаро сувларда жойлашган, Вашингтон версиясига кўра Венесуэла наркотик картеллари билан боғлиқ кемаларга бир неча бор зарбалар берди. Шу билан бирга, Қўшма Штатлар Венесуэла соҳиллари яқинига кичик гуруҳини жойлаштириб, буни наркотик савдосига қарши кураш билан асослади ва Пуэрто-Рикога қирувчиларини юборди.

Сентябр ўртасида Каракас Венесуэланинг ҳудудий сувларида “Кариб суверенитети 200” номли ҳарбий машқларни ўтказди. Reuters ва The New York Times (NYT) 7 октябр куни хабар беришича, Трамп Венесуэла билан муносабатларни нормаллаштириш уринишларини тўхтатган. NYT маълумотига кўра, АҚШ можарони кучайтиришнинг бир неча сценарийларини ишлаб чиққан, шу жумладан Мадурони ҳокимиятдан куч билан четлатиш вариантини ҳам.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид