Жамият | 17:43 / 03.11.2025
2849
2 дақиқада ўқилади

Никоҳдан ажралишларнинг асосий сабаби феъли тўғри келмаслиги экани маълум бўлди

Сенатда оила институтини мустаҳкамлаш ва никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Фото: Getty images

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида оила институтини мустаҳкамлаш ва никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан Оила ва хотин-қизлар қўмитасига парламент сўровини юбориш масаласи кўриб чиқилди.

Қайд қилинишича, 2024 йилда 271776 та никоҳ тузилган бўлса, шу даврда никоҳдан ажралишлар сони 45135 тани ташкил этган. Ўтган йилда никоҳдан ажралишларнинг 28,5 фоизи 30 ёшгача бўлган шахсларга тўғри келган.

Никоҳдан ажралишларнинг энг кўпи Тошкент шаҳри (5913 та), Фарғона (4800 та), Андижон (4781 та) ва Самарқанд вилоятларида (4599 та) кузатилган.

Жорий йилнинг январь-июнь ойлари давомида 95275 та никоҳ тузилган бўлиб, никоҳдан ажралишлар сони 23338 тани (24 фоизни) ташкил этган ҳолда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоизга (871 тага) ортган. Республиканинг 112 та туман ва шаҳрида никоҳдан ажралишлар сони ўсган.

Никоҳдан ажралишларнинг сабаблари таҳлил қилинганда 2024 йилда никоҳдан ажратишга доир 32217 та ариза қаноатлантирилгани, шундан 17535 та ҳолатда (54 фоиз) характер (феъли) тўғри келмаслиги, 1807 та ҳолатда (6 фоиз) бошқа никоҳ муносабатига киришганлиги, 1222 та ҳолатда (4 фоиз) оилага тайёр эмаслиги, 1033 та ҳолатда (3 фоиз) ўзаро ишончсизлик сабаб қилиб кўрсатилган.

Бундан ташқари, 2024 йилда ФҲДЁ органларида 7499 та оила ўзаро оилавий келишмовчилик сабабли ажратилган.

Никоҳ ёшини қисқартириш амалиёти ҳам қатор саволларни келтириб чиқармоқда. Ўтган беш йилда ҳокимлар қарорлари асосида 391 та ҳолатда никоҳ ёши қисқартирилган.

Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ муносабатларига киришиш, вояга етмаган фарзандни турмушга бериш ёки уйлантириш, шунингдек, диний маросимларни амалга ошириш ҳолатлари кўпаяётгани қайд этилди. Муҳокама якунида Оила ва хотин-қизлар қўмитасига тегишли парламент сўрови юбориш тўғрисида Сенат қарори қабул қилинди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид