Жаҳон | 09:47 / 05.11.2025
1975
3 дақиқада ўқилади

Белгияда НАТО базаси ва аэропортлари устида дронлар пайқалди

Белгиядаги НАТОнинг Кляйне-Брогел авиабазаси яқинида яна олти та номаълум дрон кузатилди. Брюссел ва Леж аэропортларида авиақатнов вақтинча тўхтатилди.

Фото: Björn Trotzki/IMAGO

Белгия шимоли-шарқида жойлашган НАТОнинг Кляйне-Брогел авиабазаси яқинида яна номаълум дронлар пайқалди. Belga ахборот агентлиги 4 ноябр кечқурун хабар беришича, маҳаллий аҳоли базадан яқин масофада камида олтита дронни кўрган.

Dpa агентлиги келтирган тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Кляйне-Брогел авиабазаси Европада АҚШ ядровий қуроллари сақланадиган жойлардан бири ҳисобланади.

Полиция иккита дронни қайд этди. «Ҳали жуда ноаниқ, чунки ҳатто ҳарбийлар ҳам бу дронларни аниқ кўра олмади», — деди маҳаллий ҳокимият вакиллари. Зарур ҳолатда дронларни тутиб олиш учун ҳудудга полиция вертолёти чақирилди.

2 ноябр куни Кляйне-Брогел устида икки марта номаълум дронлар кўрилган эди. Улар ҳарбий объект устида катта баландликда парвоз қилган ва бу оддий дрон парвози эмас — уларнинг мақсади НАТО базаси бўлган, деб баёнот берди Белгия мудофаа вазири Тео Франкен.

4 ноябр кечқурун дронлар ҳақидаги хабарлар туфайли Брюссел аэропортида авиақатнов икки марта — тахминан соат 20:00 ва 22:00 ларда вақтинча тўхтатилди, дея ёзади dpa. Belga маълумотича, чекловлар Леж шаҳри аэропортида ҳам жорий этилган.

Сўнгги ҳафталарда Белгияда шунга ўхшаш ҳодисалар бир неча бор қайд этилди. Октябр охирида Леж жанубидаги Марш-ан-Фамен ҳарбий базаси устида дронлар икки марта кўрилди. Мудофаа вазири буни «Белгия армиясининг юрагига қарши очиқдан очиқ режалаштирилган операция» деб атади ва дронларни тажрибали учувчилар бошқарганини қайд этди. Октябр бошида эса мамлакат шарқидаги Элзенборн ҳарбий полигони устида 15 та дрон кўрилган.

Номаълум дронлар Европанинг қатор давлатларида — жумладан Германия, Дания ва Норвегияда ҳам ҳарбий объектлар ва аэропортлар яқинида узоқ вақтдан бери кузатиб келинмоқда. Бу ҳодисалар муносабати билан айрим аэропортлар рейсларни қабул қилиш ва жўнатишни вақтинча тўхтатган. Дронларнинг аниқ ким томонидан учирилгани ҳозирча маълум эмас, бироқ расмийлар Россия томонини гумон қилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид