Жаҳон | 08:22 / 05.11.2025
15647
6 дақиқада ўқилади

Зоҳран Мамданий: Ню-Йорк мэри лавозимидаги илк мусулмон

Мигрантлик илдизларига эга демократ Зоҳран Мамданий Ню-Йорк мэри сайловида ғалаба қозонди. Ёш сиёсатчи ҳақида нима маълум ва у сайловчиларни нима билан ўзига ром этди?

Фото: The New York Times / Cindy Schultz

Зоҳран Мамданий 4 ноябр куни Ню-Йорк мэри сайловида ишончли ғалаба қозониб, икки рақибини — республикачи Кёртис Слива ва мустақил номзод сифатида қатнашган Ню-Йорк штатининг собиқ губернатори Эндрю Куомони ортда қолдирди.

2024 йил октябрида Мамданий АҚШнинг энг йирик шаҳри раҳбарлиги учун курашиш ниятини эълон қилганида, камчилик унинг муваффақиятига ишонган эди. Ҳозир эса у АҚШ сиёсий саҳнасида «юлдуз»га айланиб бормоқда, уни қўлловчилар сони ортяпти. 34 ёшли янги мэр Зоҳран Мамданий ҳақида билиш керак бўлган маълумотлар — DW таҳлилида.

Зоҳран Мамданий — мигрантлик илдизларига эга америкалик. У Угандaда, асли келиб чиқиши ҳиндистонлик оилада туғилган. Онаси Мира Наир — машҳур ҳинд-америкалик киноижодкор, отаси Маҳмуд Мамданий — угандалик, асли келиб чиқиши ҳиндистонлик олим. Зоҳран 5 ёшида оиласи Угандaдан Жанубий Африкага, икки йил ўтиб эса Ню-Йоркка кўчиб ўтган. АҚШ фуқаролигини 2018 йилда олган. 2025 йил бошида у суриялик илдизларга эга рассом Рама Дуважийга уйланди. Сайловдаги ғалабадан кейин Мамданий Ню-Йорк тарихидаги илк мусулмон мэрга айланди.

Мамданийнинг сиёсий фаолияти жадал ривожланди: 2020 йилда у Ню-Йорк штати ассамблеясига сайланди. 2024 йил октябрида шаҳри мэрлигига номзод бўлиш ниятини айтганида, кўплар унинг Демпартиядан номзод бўлиш имкониятини «нол» деб баҳолаганди. Аммо натижада у праймеризда 56,4 фоиз овоз билан ишончли ғалаба қозонди.

Сиёсатга киргунга қадар Мамданий кам таъминланган, уйдан чиқарилиши мумкин бўлган инсонларга ёрдам бериш соҳасида ишлаган. Шу боис, Ню-Йорк мэрлиги учун олиб борган кампаниясининг марказий мавзуси — арзон ва қолаверса, омма учун мос уй-жой масаласи бўлди.

2017 йилдан Мамданий АҚШдаги энг йирик социалистик ташкилот — «Америка демократик социалистлари» аъзоси. Жумладан, у бойлар учун солиқни ошириш ва 2030 йилга бориб минимал иш ҳақини соатига 16,50 доллардан 30 долларгача кўтаришни қўллаб-қувватлайди.

Бундан ташқари, у барча учун бепул мактабгача таълимни таъминлашни ва босқичма-босқич Ню-Йоркда автобусларда бепул саёҳатни жорий этишни истайди. «Ҳамма тушунадиган тилда гапириш керак. Одамларнинг кундалик ҳаётида устун бўлган қийинчиликлар ҳақида сўзлаш керак», — деган эди у сентябрда New Statesman британ нашрига берган интервюсида. «Кўпинча демократлар демократия ҳақида гапиради, аммо агар сиз ўзингизники деб атайдиган шаҳарда яшашни уддалай олмасангиз, қадриятлар ҳақида ўйлашга вақтингиз бўлмайди».

Зоҳран Мамданийнинг сўл қарашлари сабаб танқидчилари ҳам етарли. Айрим кузатувчилар фикрича, у АҚШнинг энг либерал шаҳарларидан бири учун баҳсли фигурага айланган.

Ню-Йорк штатининг собиқ губернатори Дэвид Пэтерсон шундай деди: «(Мамданийнинг сиёсий қарашларига оид) хавотирлар — Трампга нисбатан одамларни безовта қилган муаммоларга ўхшаш. У турли аудиторияларга мурожаат қилиб, бутун гуруҳлар ҳақида салбий гапиради. Зоҳран Мамданий ҳам худди шундай қилмоқда. Фақат у оддий демократлар ёки оддий республикачилар ҳақида гапиряпти».

Ню-Йорк — Исроил ташқарисида энг йирик яҳудий диаспораси яшайдиган шаҳар эканини инобатга олганда, Мамданийнинг фаластинликлар ҳуқуқларини узоқ йиллардан бери ёқлаб келиши ҳам айримлар учун муаммо сифатида кўриляпти. Ню-Йоркдаги Парк-авеню синагогаси раввини Эллиот Косгроув «ошкора, ўткир ва расман: Зоҳран Мамданий Ню-Йорк яҳудий жамоаси учун хавф туғдиради», деб баёнот берди. Бироқ бу фикрни шаҳар яҳудийларининг барчаси бўлишмайди — кўплари Мамданийни қўллаб-қувватлашини айтган.

Айрим бизнес вакиллари ҳам хавотир билдирди. Машҳур инвестор, миллиардер Билл Экман X ижтимоий тармоғида «Мамданийнинг бизнесга қарши сиёсатлари, жумладан корхона солиқларини ошириш, Ню-Йоркдаги иш ўринларини йўқ қилади ва компанияларни шаҳардан кетишга мажбурлайди», деб ёзди.

Ню-Йоркда туғилиб ўсган Доналд Трамп эса Зоҳран Мамданийга нисбатан антипатиясини яширмайди. Овоз бериш арафасида у Truth Social тармоғида, агар Мамданий ғолиб чиқса, Оқ уй қонун билан белгиланган минимумдан ортиқ федерал маблағ ажратмаслиги мумкинлигини айтди.

Трамп аввалроқ Зоҳран Мамданийни «коммунистик девона» ва «соатини кутган фалокат» деб атаган. Мамданий эса шаҳар манфаати йўлида президент Трамп билан ҳамкорликка тайёрлигини, аммо қўрқитишларга берилмаслигини айтган.

«Агар сиз Ню-Йорк аҳолисининг ҳаётини қийинлаштириш, бу шаҳардаги кўп одамларни таъқиб қилиш ва унинг тузилишини вайрон қилиш ҳақида гаплашмоқчи бўлсангиз, сиз билан курашишга тайёрман», — деди Зоҳран Мамданий сиёсий сатира билан шуғулланувчи The Good Liars дуэтига берган интервюсида. Мамданий билан Трамп қарашлари диаметрал қарама-қарши эканини инобатга олганда, уларнинг муносабатлари Америка сиёсатининг навбатдаги «томошаси»га айланиши эҳтимоли катта.

Ню-Йорк аҳолиси 8,5 миллион, йилига 65 миллион меҳмон келадиган бу мегаполис муҳим маданий ва молиявий ҳабдир. Бу ерда уй-жой, транспорт ва бюджет молиялашувига оид қатор муаммолар мавжуд. Ню-Йорк мэрияси бюджети 116 миллиард долларни ташкил этади, унга мактаб таълимидан тортиб полициягача кенг мажбуриятлар юкланган. Шаҳарнинг кўлами ва глобал мақоми мэр фаолияти ички сиёсат билан бирга халқаро майдонда ҳам олиб борилишини англатади. Ню-Йоркнинг бир нечта аввалги мэрлари АҚШ президенти лавозимига даъвогар бўлган, аммо бу муваффақиятсизлик билан тугаган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид