Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Конгресси Жексон-Вэник тузатишини бекор қилиш ташаббуси билан чиқди
Марказий Осиёнинг аксарият давлатлари - Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан савдо алоқаларини чеклайдиган ва 1974 йилдан бери амалда бўлган тузатишни бекор қилиш ҳақидаги қарор лойиҳаси Конгресснинг иккала палатасига ҳам киритилди.
Фото: Getty images
АҚШ Конгрессининг иккала палатаси - Сенат ва Вакиллар палатаси 1974 йилдан бери амалда бўлган ва миграция эркинлигига тўсқинлик қилувчи давлатлар билан савдо алоқаларини чеклайдиган Жексон-Вэник тузатишини бекор қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини киритди.
Совуқ уруш даврида қабул қилинган тузатиш узоқ йиллар давомида бир қатор давлатлар, собиқ СССР давлатлари, жумладан Ўзбекистон билан савдога сиёсий чекловлар қўйган эди.
СССР парчаланганидан сўнг, қонун автоматик равишда барча МДҲ мамлакатларига тааллуқли бўлди. Кейинчалик, АҚШ баъзи давлатларни унинг таъсиридан чиқарди: Россия, Украина, Қирғизистон, Арманистон, Грузия, Латвия, Литва, Эстония. Бироқ, Марказий Осиёнинг аксарият давлатлари - Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон - чекловлар остида қолмоқда.
Стив Дейнс (Республикачилар партияси) ва Крис Мёрфи (Демократлар партияси) бошчилигидаги сенаторлар гуруҳи тузатишни узил-кесил бекор қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Сенатга киритди.
Параллел равишда ҳужжат Вакиллар палатасида ҳам рўйхатга олинган бўлиб, бу ташаббуснинг икки партиявий қўллаб-қувватланишини таъкидлайди.
Ташаббуснинг асосий мақсади АҚШ савдо қонунчилигини янгилаш ва Марказий Осиё давлатлари, жумладан Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон билан иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, тузатишнинг бекор қилиниши қуйидагилар учун шароит яратади:
- Марказий Осиё мамлакатларининг АҚШ бозорига киришини кенгайтириш;
- Америка инвестицияларини жалб этиш;
- минтақанинг Вашингтон билан стратегик шериклигини мустаҳкамлаш.