Жаҳон | 09:29 / 06.11.2025
1910
3 дақиқада ўқилади

АҚШда UPS самолёти ҳалокати қурбонлари сони 12 нафарга етди

UPS логистика компаниясига тегишли McDonnell Douglas MD-11 самолёти Кентукки штатидаги Луисвилл аэропортидан парвоз қилганидан кўп ўтмай қулаган ва ёнғин келиб чиққан. Камида 12 киши ҳалок бўлган.

Фото: X / GovAndyBeshear

АҚШнинг Кентукки штатида юз берган юк самолёти ҳалокати оқибатида вафот этганлар сони камида 12 нафарга етди. Бу ҳақда штат губернатори Энди Бешир 5 ноябр кунги баёнотида маълум қилди.

4 ноябр куни Луисвилл шаҳри ҳудудида содир бўлган ҳалокат сабаблари ҳали аниқланмаган. Бир неча бедарак йўқолганларни қидириш ишлари давом этмоқда.

Федерал фуқаролик авиацияси бошқармаси (FAA) маълумотига кўра, McDonnell Douglas MD-11 самолёти Муҳаммад Али номидаги Луисвилл халқаро аэропортидан маҳаллий вақт билан соат 17:15 (Тошкент вақти билан 03:15)да парвоз қилган. Ҳодиса жойидан олинган кадрларда самолёт учиш-қўниш йўлагидан унча узоқ бўлмаган масофага қулаб, ёнғин чиққанини ва ҳаво кемаси улкан “олов”га айланганини кўриш мумкин.

Самолёт яқинда учгани ва узоқ масофага рейсга тайёрланаётгани боис, ёнилғи баклари, тахминан, тўлиқ тўлдирилган бўлган. Полиция маълумотига кўра, юк лайнери аэропортдан тахминан беш километр жануб томонга қулаган.

Миллий транспорт хавфсизлиги кенгаши (NTSB) авиаҳалокатни текшириш учун Луисвиллга тезкор гуруҳлар йўллади. NTSB вакили 5 ноябр куни журналистларга маълум қилишича, терговчилар аэропорт видеокузатув камералари ёзувларини таҳлил қилган. Уларда учиш пайтида самолётнинг чап двигатели қанотдан ажралиб кетгани кўринади. Борт ёзуви ва экипаж кабинаси диктофони аниқланиб, таҳлил учун Вашингтонга юборилган.

Америкалик логистика компанияси UPS маълум қилишича, унга тегишли юк самолёти бортида уч нафар экипаж аъзоси бўлган. FAAга кўра, самолёт узоқ масофали рейсни амалга ошираётган ва Ҳавайи оролларидаги Ҳонолулу аэропортига йўл олган эди.

Ҳалокат жойидан олинган кадрларда улкан олов ва осмонга бўй чўзган тутун устунлари кўринади. Ҳокимият маълумотича, самолёт чиқиндиларни қайта ишлаш ва автоқисмлар савдоси корхоналари жойлашган ҳудудга қулаган.

Қулаган пайтда у ерда қанча ходим ёки мижозлар бўлгани номаълум. Губернатор Бешир сўзларига кўра, икки нафар ходим бедарак йўқолганлар сифатида қидирилмоқда. Қутқарувчилар вайрона остидан жабрланувчиларни излаш ишларини давом эттирмоқда.

Полиция сешанба куни ҳалокат содир бўлган ҳудуд бир қисмида комендантлик соатини жорий қилди. “Вазият жиддий”, — деб ёзди 4 ноябр куни губернатор Бешир X платформасида Луисвиллга йўл олганини қўшимча қилар экан. Авиаҳалокатдан кейин аэропорт ёпилган. Луисвиллга парвозлар ва қўнишлар тўхтатилган.

Луисвиллардаги авиаҳалокат АҚШ тарихидаги энг узоқ давом этган “шатдаун” авжида рўй берди. Бир ойдан бери чўзилаётган бюджет инқирози туфайли транспорт вазири Шон Даффи ҳалокатдан оз фурсат олдин авиадиспетчерлар меҳнатига ҳақ тўлаш учун маблағ етишмаслиги сабаб ҳаво ҳудуди ёпилиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди. Даффининг 5 ноябр куни айтишича, 7 ноябрдан мамлакат бўйлаб 40 та аэропортда режали авиақатновлар 10 фоизга қисқаради.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид