Жамият | 11:21 / 06.11.2025
7171
3 дақиқада ўқилади

“Кимнидир айбламайман” – қўшалоқ фалокатдан омон қолган йигит

Яқинда ижтимоий тармоқларда ноодатий видеолавҳа тарқалди. Унда қурилиш учун ўрнатилган ҳавозага чиққан йигит баландликдан автомобил қатнов йўлига йиқилади ва шу заҳоти ҳаракатланиб келаётган машина уни уриб юборади. Видеодаги йигитнинг аҳволи ва воқеа қаерда содир бўлгани шу пайтгача номаълум бўлиб қолаётганди. Воқеа иштирокчилари таҳририят билан боғланди ва Kun.uz мухбири ҳодиса жойидан репортаж тайёрлади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Маълум бўлишича, ҳодиса жорий йилнинг 24 июн куни Самарқанд тумани Қумзор маҳалласидаги Термиз кўчасида содир бўлган. Бир қарашда кулгили туюлган бу ҳолат аслида жиддий бахтсиз ҳодисага айланиши мумкин эди.

Лисадан йиқилган йигит Ражаб Ражабов – Kun.uz билан суҳбатда омон қолгани бахтли тасодиф эканини айтмоқда. Ражабовнинг айтишича, у кунлик қурилиш-таъмирлаш ишлари билан шуғулланади. Ўша куни ишини деярли якунлаб қолган бўлган ва шошилинч лисага чиққан. Ўзининг қалтис ҳаракати сабаб тепада мувозанатни йўқотган ва серқатнов кўча томон қулаган.

“Лисадан йиқилиш чоғида оёғим билан тушдим ва ўша заҳоти машина уриб юборди. Мени худо асради, кимнидир айбламайман, аксинча, ҳайдовчи менга ўз вақтида зарур ёрдамни кўрсатди. Тез ёрдам машинаси орқали шифохонага олиб боришди, оёғимни гипс қилишди, ҳозир яхшиман”, деди Ражабов.

Ҳайдовчи Анвар Маъруповнинг айтишича, ўша пайтда катта тезликда бўлмаган.

“Мен бу йигит ишлаётган жойга жуда яқин келгандим. Тепадан нимадир тушаётганини зўрға кўриб қолдим ва машинани чап томонга бурдим. Ўша пайтда жуда қўрқиб кетдим ва машинадан тушдим. Шукурки, йигит ҳаракатланаётганди, юзини тўсиб турган экан. Кейин унга ёрдам беришга шошилдим. Тез ёрдам орқали шифохонага бордик, йигитнинг оёғини гипс қилишди, шундан кейин унинг ўзи ва яқинлари билан алоқада бўлиб турдим. Улар менга ҳеч қандай даъво қилишмади. Воқеа оғир оқибатларга сабаб бўлмагани учун ҳам ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилмадик. Бу ҳолат яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалганидан сўнг, ИИБ ходимлари мен билан боғланишди. Уларга ҳам вазиятни тушунтирдик. Барибир экспертизадан ўтишимиз кераклигини айтишди, энди уларнинг хулосасини кутяпмиз”, деди ҳайдовчи. 

Анварнинг сўзларига кўра, воқеадан сўнг у шикастланган машинасини ўз ҳисобидан таъмирлатган ва Ражаб билан дўстона муносабатни сақлаб қолган.

Маълум бўлишича, одатда бу кўча анча серқатнов ҳисобланади. Ражаб йиқилган вақтда жиддий фалокат бўлиш эҳтимоли ҳам анча юқори эди. Йигитнинг бахтига ўша куни кўчада қатнов кам бўлган.

Мавзуга оид