Иқтисодиёт | 14:57 / 08.11.2025
8472
2 дақиқада ўқилади

Мутлақ рекорд: Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 60 млрд долларга яқинлашди

2025 йил 1 ноябр ҳолатига, Ўзбекистоннинг расмий захира активлари 59,3 млрд долларни ташкил этди. Бу – тарихий рекорд кўрсаткичдир. Жаҳон бозорида олтин нархлари йил бошидан бери қарийб 50 фоизга ошди.

Фото: Getty Images

2025 йил 1 ноябр ҳолатига, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 59,33 млрд долларни ташкил қилди. Захиралар қиймати ўтган ойга нисбатан 4,3 млрд долларга кўп. Бу ҳақда Марказий банк тақдим қилган ҳисоботда келтирилган.

Октябр ойи давомида захираларнинг валюта қисми 731 млн долларга ошган бўлса, олтин қисмининг қиймати 3,6 млрд долларга ошиб 47,8 млрд долларгача кўпайган.

Захиралар таркибида олтиннинг физик ҳажми ҳам 11,6 млн троя унциядан 11,9 млн троя унцияга ошган.

Жаҳон бозорида олтин нархларининг ошиб бориши фонида йил бошидан бери Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари сезиларли даражада кўпайди. 1 ноябр ҳолатига қайд этилган қарийб 60 млрд долларлик захиралар – мамлакат учун тарихий рекорд кўрсаткичдир.

Бундан ташқари, Марказий банк томонидан харид қилинган қимматли қоғозларнинг қиймати ўтган ойда бироз ошиб, 1 млрд 23 млн долларга етган.

Олтин нархининг йил бошидан бери кескин кўтарилиши глобал бозорлар билан бевосита боғлиқ. Феврал–май ойларида жаҳон миқёсида геосиёсий тангликлар ва АҚШ федерал резерв сиёсати туфайли олтин кескин қимматлашди.

Июлда эса қисқа муддатли пасайиш кузатилди. Август–сентябрда нарх яна тикланиб, бу даврда 3,4 фоиз ўсиш қайд этилди. Таҳлилчилар фикрича, бундай тенденция мавсумий талаб ва глобал иқтисодий ноаниқликлар билан изоҳланади. 20 октябр куни олтин нархи тарихда биринчи марта 1 унция учун 4381 доллардан ошди. Ой якунида АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо таранглиги юмшаши ҳақидаги умидлар қимматбаҳо металл нархининг нисбатан арзонлаша бошлашига сабаб бўлди.

Умуман олганда, олтин баҳоси йил бошидан бери қарийб 50 фоизга қимматлашди.

Мавзуга оид