Жаҳон | 11:46 / 08.11.2025
1636
2 дақиқада ўқилади

Россияликларга мултивиза бериш тақиқи 10 ноябрдан кучга киради

ЕИнинг россияликларга кўп маротабалик Шенген визаларини беришни тақиқловчи янги қоидаларида алоҳида ҳолатларда гуманитар сабабларга кўра истиснолар қўлланиши мумкин. Тақиқ 10 ноябрдан кучга киради.

Фото: AP

Европа Иттифоқининг Россия фуқароларига кўп марта киришга мўлжалланган Шенген визаларини беришни тақиқловчи янги қоидаларидан алоҳида ҳолатларда гуманитар характердаги сабаблар асосида истиснолар қилиш мумкин. Бундай ҳолатлар учун махсус қоидалар амал қилади, деб 7 ноябр куни Германия Ташқи ишлар вазирлиги DW таҳририяти сўровига жавобан тушунтирди. Янгича чекловлар зарурати Германия ТИВ томонидан Россиянинг Украинадаги тажовузкор уруши ва Россиянинг гибрид ҳаракатлари ЕИ ва унинг аъзо давлатлари хавфсизлиги ҳамда жамоат тартибига таҳдид солаётгани билан изоҳланди.

Янги қоидага кўра, 2025 йил 10 ноябрдан бошлаб, Россияда виза олиш учун ариза топшираётган россиялик фуқароларга келгусида фақат қисқа муддатли амал қилиш муддатига эга бўлган бир маротабалик Шенген визалари берилади.

Ушбу нормани изоҳлар экан, Германия Ташқи ишлар вазирлиги таъкидлашича, халқаро ҳуқуқни бузувчи Россиянинг тажовузкор уруши бошланганидан бери Германия ҳукумати Шенген келишувига аъзо бошқа давлатлар билан биргаликда Россияга нисбатан ягона чекловчи визавий сиёсатни қўллаб-қувватлаб келади.

Аввалроқ Politico нашри ёзишича, пандемиягача бўлган даврга нисбатан ҳозирги пайтда Россия фуқароларига берилган Шенген визалар сони сезиларли даражада камайган. Бу пасайиш Шенгенга кирувчи турли давлатлар орасида турлича намоён бўлмоқда. Масалан, Италия, Франция, Испания, Греция ва Венгрия нисбатан кўпроқ Шенген визалари беради, уларнинг катта қисми россиялик сайёҳларга тўғри келади. Янги қоидалар бу вазиятда ўзгаришларга олиб келиши кутилмоқда.

Брюсселда бу янги чоралар Украинадаги уруш туфайли Европа Иттифоқи мамлакатлари хавфсизлигига эҳтимолий хатарларни камайтириш мақсадида аризачиларни батафсил текшириш имконини беради, деб изоҳланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид