Жаҳон | 16:20 / 08.11.2025
2781
1 дақиқада ўқилади

Туркияда ҳибсдаги ўзбеклар билан учрашув ўтказилди, бир нафари озод этилди

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси вакиллари Туркиянинг Сакаря вилоятидаги жазони ижро этиш муассасасига ташриф буюриб, ҳибсдаги ватандошлар билан учрашди, ҳуқуқий-консуллик маслаҳатлари берди. Маълумотларга кўра, 2025 йил 30 октябр куни бўлиб ўтган суд мажлисида ватандошлардан бири — Ф.А. суд залидан озод этилган.

Фото: "Дунё" АА

Дипломатлар ҳибсда сақланаётган ўзбекистонликлар билан суҳбат ўтказиб, уларнинг ҳуқуқий ҳолати, мудофаа стратегияси ва зарур консуллик ёрдами масалаларини муҳокама қилди. Бош консулхона ходимлари ишларни юритаётган адвокатлар билан ҳам учрашиб, суд жараёнлари ва ҳужжатлар юзасидан фикр-мулоҳаза алмашди.

Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлашда гумонланиб 2024 йилдан буён сақланиб келган Ф.А. иши юзасидан 2025 йил 30 октябр куни ўтказилган навбатдаги суд мажлисида озодликка чиқариш тўғрисида қарор қабул этилгани маълум қилинди.

Ўзбекистоннинг консуллик муассасалари фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, зарур ҳолларда уларга амалий ёрдам кўрсатишни давом эттиришини таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид