Жаҳон | 08:48 / 09.11.2025
7964
4 дақиқада ўқилади

Украина яна ўққа тутилди: қатор ҳудудлар светсиз қолган, қурбонлар бор

8 ноябрга ўтар кечаси Россия яна бир бор Украинанинг фронторти ҳудудларига комбинацияланган зарба берди. Днипрода дрон турар жой биносига бориб урилган. Маҳаллий расмийларга кўра, уч киши ҳалок бўлган, 10 дан ортиқ киши, жумладан, икки бола жароҳатланган.

Фото: AP

Бир қатор областлар электр таъминотисиз қолди. Россия мудофаа вазирлиги ҳужум нишони «Украина ҳарбий-саноат комплекси корхоналари ва уларнинг фаолиятини таъминлайдиган газ-энергетика комплекси объектлари» бўлгани ҳақидаги шаблонни такрорлади.

Украина қуролли кучлари ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотларига кўра, тунги ҳужум оқибатида жами 45 та ракета (шу жумладан еттита «Кинжал») ва 458 та дрон ишлатилган, 26 та ракета ва 52 та дрон нишонга теккан. РФ мудофаа вазирлиги хабарида ҳам «Кинжал» гипертовушли аэробаллистик ракеталари қўллангани тасдиқланган.

Россия идораси янги зарбани «Украинанинг Россия ҳудудидаги фуқаролик объектларига уюштирган террорчилик ҳужумларига жавоб» деб атади. «Зарба мақсадларига эришилди, барча белгиланган объектларга зарба берилди», – дейилади мудофаа вазирлиги ҳисоботида.

Инфратузилмага ҳужум

Тунда бутун Украина бўйлаб ҳаво тревогаси эълон қилинган. Днипропетровск, Киев ва Полтава областлари асосий зарбаларни қабул қилган.

Полтава области ҳарбий маъмурияти раҳбари Володимир Когут зарбалар туфайли Кременчуг ҳудудида электр таъминоти узилгани, бу эса ўз навбатида ичимлик сув ва иссиқлик таъминоти узилишига олиб келганини маълум қилган.

Киевда 8 ноябрга ўтар кечаси блэкаут юзага келди

«Шаҳар электр таъминотисиз қолгани сабабли шаҳар сув канали захира режимида – кучли генераторлар ёрдамида ишлашга ўтди», – деди Кременчук шаҳри мэри Виталий Малецкий.

Харкив шаҳри мэри Игор Тереховнинг сўзларига кўра бир нечта районларда сув таъминотида узилишлар юзага келган, метро одамлар учун бошпанага айланган, ерусти электр транспорти фаолияти вақтинча тўхтатилган.

«Аммо муаммолар фақат Харкивда эмас. Бутун мамлакат бўйлаб – Лвивдан Сумигача, Одессадан Черниҳивгача – энергетиклар Россиянинг энергетикамизга навбатдаги зарбалари тўлқини оқибатларини бартараф этмоқда», – деб ёзди Терехов.

Киевнинг айрим ҳудудларида ҳам электр таъминотида фавқулодда узилишлар жорий этилди. Киев областида «энергетика тизими объектлари» зарба остида қолди, деди ҳудуд ҳарбий маъмурияти раҳбари Микола Калашник.

Хмелницкая ва Ровен атом электр станциялари «ядро хавфсизлиги учун муҳим аҳамиятга эга бўлган электр подстанциясига» қилинган ҳужумдан сўнг электр энергияси ишлаб чиқаришни камайтирди, деди Халқаро атом энергетикаси агентлиги раҳбари Рафаэл Гросси. Гап қайси подстанция ҳақида кетаётгани ва унга қандай зарар етказилганига аниқлик киритилмаган.

Бу октябр ойи бошидан бери Украинанинг фуқаролик газ инфратузилмасига қилинган тўққизинчи йирик ҳужумдир, дейилади «Нафтогаз» баёнотида.

Днипродаги турар жойга зарба

Владислав Гайваненко / Дніпропетровська ОДА (ОВА)

Ярим тунда дрон Днипро шаҳридаги кўп қаватли турар жой биносига келиб урилган. Уч киши ҳалок бўлди, деди шаҳар раҳбари Борис Филатов. Яна бир киши вайроналар остидан қидирилмоқда.

Камида 11 киши, жумладан, икки бола жабрланган. Жабрланувчиларнинг олти нафари жумладан, 13 ёшли қиз касалхонага ётқизилган.

Иккита подъездда иккинчи қаватдан олтинчи қаватгача бўлган хонадонлар вайрон бўлган, деди Днипропетровск области маъмурияти раҳбари Владислав Гайваненко. Бу подездларни бузиб ташлашга тўғри келиши мумкин.

Россия мудофаа вазирлиги ўзининг эрталабки ҳисоботида Днипродаги турар жой биносига дрон бориб урилгани ҳақида тилга олмаган.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид