Жаҳон | 11:06 / 10.11.2025
1440
3 дақиқада ўқилади

АҚШда бюджет бўйича баҳс авиақатновларни тўхтатиб қўйди

Иқтисодий блоклаш (шатдаун) давом этаётгани сабаб АҚШда минглаб рейслар бекор қилинди. Сенат бюджет инқирозини бартараф этиш учун навбатдаги уринишни амалга оширди.

Фото: Elijah Nouvelage/REUTERS

АҚШда бюджет бўйича баҳс дам олиш кунлари бутун мамлакат бўйлаб авиақатновда жиддий узилишларга сабаб бўлди. Диспетчерлар орасидаги кадрлар танқислиги туфайли 8 ноябр куни тахминан 1500 та рейс бекор қилинди, яна 6000 та рейс кечиктирилди. Фуқаро авиацияси федерал маъмурияти (FAA) 42 та диспетчерлик миноралари ва парвозларни бошқариш марказларида кадрлар етишмаслиги борлигини маълум қилди.

Ҳукумат ишининг блокланишини тугатиш бўйича музокаралар муваффақиятли кетаётгани ҳақида республикачилар хабарлар берганига қарамай, шанба куни кечқурунга қадар келишувга эришилмади. Сенат 9 ноябр куни навбатдан ташқари мажлис ўтказди. FAA эса жума куниёқ авиакомпанияларга мамлакатнинг энг йирик 40 аэропортида кунлик рейслар сонини тўрт фоизга қисқартиришни буюрган.

Сешанбага бориб бу кўрсаткич олти фоизга, 14 ноябргача эса ўн фоизгача оширилиши кутилмоқда. Авиакомпания вакиллари парвозларни тартибга солиш бўйича кўплаб чора-тадбирлар рейсларни режалаштиришни деярли имконсиз қилиб қўяётганини айтди. Жаҳонда энг гавжум аэропортлардан бири саналган Атланта аэропортида шанба куни ўртача кечикиш вақти 282 дақиқани ташкил этди.

Инқироз ҳукумат иши 40 кундан бери блокланган шароитда чуқурлашмоқда. Бу АҚШ тарихидаги энг узоқ давом этган шатдаундир. Тахминан 13 минг авиадиспетчер ва 50 минг аэропорт хавфсизлик ходими маошсиз ҳолда ишлашга мажбур бўлмоқда, бу эса касаллик бўйича таътилга чиқиш ҳолатларини кўпайтиряпти. FAA раҳбари Брайан Бедфорд сўзларига кўра, сўнгги кунларда диспетчерларнинг 20–40 фоизи ишга чиқмаган.

Жума куни республикaчи сенатор Тед Круз хавфсизлик учун жиддий хатарлар ҳақида огоҳлантирди. Унинг айтишича, шатдаун бошланганидан бери учувчилар диспетчерлар ҳаддан ташқари чарчагани сабаб юз берган хатолар ҳақида 500 дан ортиқ рапорт тақдим этган. Президент Доналд Трамп маъмурияти Сенатда демократларга босимни ошириш ва бюджет лойиҳасини шартсиз маъқуллашга эришиш учун авиасоҳадаги муаммоларга ишора қилмоқда.

Ўз навбатида, демократлар республикачиларни тиббий суғурта дастурини молиялаштиришни узайтириш бўйича музокараларни тўсиб қўйганликда айблаб, давом этаётган инқироз учун масъулиятни улар зиммасига юклади. АҚШ транспорт вазири Шон Даффи кадрлар билан боғлиқ вазият янада ёмонлашса, рейслар сонини йигирма фоизга қисқартириш эҳтимолини истисно этмади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид