Жаҳон | 10:25 / 10.11.2025
1568
3 дақиқада ўқилади

Белгияда Doel АЭС узра учта дрон пайқалди

Белгиядаги Doel АЭС матбуот котиби электр станцияси яқинида учта дрон пайдо бўлганини маълум қилди. Ҳодиса станция ишига таъсир қилмади.

Фото: Dirk Waem/BELGA MAG/AFP/Getty Images

Антверпен яқинида жойлашган Doel Белгия атом электр станцияси узра учта дрон пайқалди. Бу ҳақда 9 ноябр куни кечқурун станция оператори ҳисобланган Engie энергетика компаниясининг матбуот котиби хабар берди. Унинг таъкидлашича, ҳодиса электр станцияси ишига таъсир қилмаган. Воқеа ҳақида ҳукумат идоралари хабардор қилинган.

Белгиянинг Belga ахборот агентлиги ёзишича, бундан 6 ноябр кечқурун, яқин атрофда дронлар Брюссел аэропорти ва Леж шаҳри яқинидаги Бирсет аэропорти фаолиятига халал етган.

4 ноябр куни Belga агентлиги маҳаллий аҳоли Белгия шимоли-шарқида жойлашган НАТОнинг Кляйне-Брогел авиабазаси яқинида камида олтита дронни кўрганини хабар қилди. Шу куни кечқурун Брюссел аэропортида дронлар ҳақидаги маълумотлар туфайли авиақатновлар икки марта тўхтатилди. Агентлик маълумотларига кўра, чекловлар Леж шаҳри аэропортида ҳам жорий этилди.

Сўнгги ҳафталарда Белгияда шунга ўхшаш ҳолатлар бир неча бор қайд этилган. Октябр ойи охирида Леждан жанубдаги Марш-ан-Фамене ҳарбий базаси устидан дронлар икки марта пайқалди. Мамлакат мудофаа вазирлиги раҳбари Тео Франкен ўшанда буни “Белгия армиясининг юрагига қарши очиқдан очиқ режалаштирилган операция” деб баҳолаб, дронлар тажрибали операторлар томонидан ишлатилганини айтган эди.

Октябр бошида эса Белгия шарқидаги Элзенборн ҳарбий полигони узра 15 та дрон пайқалди.

Номаълум дронлар охирги вақтларда Европанинг қатор давлатларида — жумладан, Германия, Дания ва Норвегияда — ҳарбий объектлар ва аэропортлар яқинида тез-тез аниқланяпти. Бу ҳодисалар муносабати билан айрим аэропортлар рейсларни вақтинча қабул қилиш ва жўнатишни тўхтатган. Дронларнинг аниқ қайси томондан учирилаётгани ҳануз аниқланмаган, аммо расмийлар Россия томонидан бўлиши мумкинлигидан гумонланмоқда.

9 ноябр куни Буюк Британия Қуролли кучлари Мудофаа штаби бошлиғи, авиация бош маршали Ричард Найтон Лондон Белгия ҳаво ҳудудига дронлар кириб келишига қарши курашда ёрдам бериш учун мутахассислар ва ускуналар юборишини маълум қилди.

Ўтган ҳафтада Германия Мудофаа вазирлиги ҳам Белгиянинг сўровига кўра, бу мамлакатга дронлардан ҳимояланиш бўйича ёрдам кўрсатаётганини билдирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид