Ўзбекистон | 14:57 / 10.11.2025
1176
1 дақиқада ўқилади

Қалқонсимон без касалликлари бир қатор ҳудудларда баландлигича қоляпти

Эндокрин касалликлар дорилари учун ҳар йили 100 млрд сўм ажратилаётганига қарамай, Қорақалпоғистон, Самарқанд, Сурхондарё ва Жиззахда қалқонсимон без билан боғлиқ касалликлар кўрсаткичлари пасаймагани танқид қилинди. Масъул марказ профилактикани тизимли йўлга қўймагани қайд этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги муҳокамада эндокрин йўналишдаги муаммоларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Маълум қилинишича, эндокрин касалликлар дорилари учун бюджетдан ҳар йили 100 миллиард сўм маблағ ажратилади. Шунга қарамасдан, Қорақалпоғистон, Самарқанд, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида қалқонсимон без касалликлари кўрсаткичлари юқорилигича қолмоқда.

Эндокринология маркази сўнгги бир йилда хизматлар нархини 35 фоизга оширгани, аммо касалликларнинг олдини олиш ва аҳоли орасида мақсадли профилактика ишлари етарли даражада ташкил этилмагани танқид қилинди. Мутасаддиларга ҳудудлар кесимида хавф гуруҳларини аниқлаш, бирламчи бўғинда скрининг ва ахборот-тушунтириш кампанияларини кучайтириш, шифокорлар учун клиник протоколлар бўйича амалий ўқувларни йўлга қўйиш вазифалари юклатилди.

Шунингдек, хусусий секторда юқори технологияли хизматлар устуворлиги қайд этилар экан, давлат муассасаларида ҳам ресурс ва имкониятлардан самарали фойдаланиш, натижа кўрсаткичларини жорий этиш зарурлиги таъкидланди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид