Жаҳон | 11:27 / 10.11.2025
7300
2 дақиқада ўқилади

Санкт-Петербургда мигрантларга тақиқ ортидан такси нархлари ошди

Муҳожирларнинг таксичилик қилишига тақиқ кучга кирган куни такси нархлари 30 фоизгача ошгани айтилмоқда. Таҳлилчиларга кўра, такси ва курьерлик хизматлари соҳасида ўзи шундоқ ҳам кадрлар етишмовчилиги бор эди, янги тақиқ вазиятни янада ёмонлаштирган.

Фото: AP

Санкт-Петербург шаҳрида мигрантларнинг таксичилик қилишига тақиқ амал қила бошлаган куни такси нархлари 30 фоизгача ошди. Бу ҳақда ўз ҳисоб-китобларига таяниб Фонтанка.ру хабар бермоқда.

Журналистлар 6 ва 7 ноябр кунлари таҳририятдан шаҳарнинг турли чеккаларига “Яндекс Такси” хизматининг “Комфорт” тарифидаги сафарлар нархини солиштирган. Тақиқ амал қила бошлаган 7 ноябрда нархлар кўтарилиб, бир кун олдингидан 3,2 фоиздан 32,5 фоизгача фарқ қилган.

Айрим фойдаланувчилар такси чақирмоқчи бўлганида, иловада: “Ҳайдовчилар етишмаяпти, таксини узоқроқ кутишга тўғри келади. Сафарларингизни эртароқ режалаштиринг. Жамоат транспортида тезроқ етиб боришингиз мумкин”, деган хабарни кўрган.

“Яндекс Такси” маъмурияти мигрантларга янги чеклов сабабли Петербургда киракашлар сони 12 фоизга камайишини маълум қилган. Гап 4 мингдан ортиқ ҳайдовчининг ишсиз қолиши ҳақида кетяпти. Экспертлар бу ҳолат шундоқ ҳам кадрлар етишмовчилиги кузатилаётган соҳадаги вазиятни янада оғирлаштиришини қайд этган.

Санкт-Петербургда муҳожирларнинг такси ва курьерлик фаолиятлари билан шуғулланиши губернатор Александр Бегловнинг август ойидаги қарори асосида тақиқланди. Расмийлар бу қарорни “норасмий бандликка қарши курашиш”, “хизматлар соҳасидаги хавфсизликни ошириш” ва “талабаларнинг ишга жойлашиши учун имконият яратиш” каби мақсадлар билан изоҳлаган.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид