Жаҳон | 15:38 / 10.11.2025
2068
2 дақиқада ўқилади

Трамп АҚШ фуқароларига 2000 доллар “дивиденд” ваъда қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакат божларидан тушадиган даромадлардан фуқароларнинг ҳар бирига камида 2000 доллар миқдорида “дивиденд” тўлашни хоҳлашини маълум қилди. Тегишли ёзувни Оқ уй раҳбари 9 ноябр куни Truth Social ижтимоий тармоғида жойлаштирди.

Фото: Jonathan Ernst/REUTERS

“Божларга қарши бўлган одамлар — аҳмоқлар! Ҳозир биз дунёдаги энг бой ва ҳурматли мамлакатмиз, деярли нол инфляция ва фонд бозорида рекорд кўрсаткичлар билан”, — деб таъкидлайди Трамп.

“Биз триллионлаб доллар оляпмиз ва тез орада 37 трлн долларлик улкан қарзимизни тўлашни бошлаймиз. АҚШда рекорд даражадаги инвестициялар амалга оширилмоқда, ҳар ерда завод-фабрикалар қуриляпти. Ҳар бир фуқарога камида 2000 доллар миқдорида дивиденд тўланади (юқори даромадли шахслар истисно этилади)”, — дейилади хабарда.

Dpa агентлиги қайд этишича, Америка раҳбари бир неча ой аввал ҳам АҚШ фуқароларига тўловлар ғоясини оммавий равишда айтган, аммо ҳозиргача бу чорани амалга ошириш бўйича аниқ қадамларни белгиламаган.

Шу билан бирга, агентлик ёзишича, яқинда Зоҳран Мамданий Ню-Йорк мэри этиб сайлангандан сўнг ва бутун мамлакат бўйлаб демократларнинг бошқа ишончли ғалабаларидан кейин, Трамп тарафдорлари орасидан у доимий сайловчиларига — президентлик кампанияси вақтида яшаш қиймати пасайишини ваъда қилган аҳоли қатламига етарлича эътибор қаратмаяпти, деган даъволар янграяпти.

Трамп ўз постида “деярли нол инфляция” ҳақида гапирган бўлса-да, бу кўрсаткич 3 фоиз даражасида сақланиб турибди, деб ёзади dpa. Шунингдек, Ню-Йорк ва бошқа йирик шаҳарларда уй-жой ижараси юқори бўлиб қолмоқда.

Сўнгги пайтларда сунъий интеллектга алоқадор компанияларга киритилаётган инвестициялар билан боғлиқ фонд бозорида “пуфак” юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришлар ҳам эшитилмоқда. АҚШда аҳолининг кўп қисми пенсия таъминотига боғланган ушбу компаниялар акцияларига эгалик қилади, деб ёзади агентлик.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид