Технология | 18:54 / 11.11.2025
4310
1 дақиқада ўқилади

АҚШда энг катта электр авиация ёқилғи ташувчи тақдим этилди

Миссурилик Skymark Refuelers компанияси АҚШдаги энг йирик электр ёқилғи қуйиш машинасини намойиш қилди. Унинг сиғими — 7000 галлон (тахминан 26 500 литр) бўлиб, бу деярли икки катта ёқилғи юк машинасига тенг.

Фото: Skymark Refuelers

Янги техника нафақат бир нечта самолётни тўлиқ ёқилғи билан таъминлай олади, балки 32 км масофагача ҳаракатлана олади. Қурилма 240 кВт·соатли батарея ва ҳар хил об-ҳавода барқарор ишлаш учун совитиш тизими билан жиҳозланган.

Тизим хавфсизлик бўйича илғор ечимларга эга: агар бирор носозлик аниқланса, у аввал операторни огоҳлантиради, зарур бўлса, автоматик тарзда тизимни тўлиқ ўчиради.

Бу лойиҳа аэропортларнинг углерод чиқиндиларини камайтириш стратегиясининг бир қисми ҳисобланади. Мутахассислар фикрича, бу — келажак самолётларини кутмасдан туриб ҳам авиацияни экологик йўлга ўтказишнинг амалий усули.

Дастлабки нусха Калифорниядаги Van Nuys аэропортида синовдан ўтмоқда, натижалар ижобий бўлса, лойиҳа мамлакат бўйлаб кенгайтирилади.

Технологиялар тез ўзгараётган бугунги кунда энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш муҳим. Рақамли дунёда адашиб қолмаслик ва шундай янгиликларни биринчилардан билиш учун KUN.UZ Texnologiya Телеграм саҳифасини кузатиб боринг.

Тайёрлаган:  Аббос Юсуфжонов

Мавзуга оид