Таълим | 13:34 / 11.11.2025
1594
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Британия янги таълим йўналиши бўйича ҳамкорлик қилади

Лондондаги Қироллик ветеринария коллежи (Royal Veterinary College, RVC) раҳбарияти ва Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари учрашувида ветеринария соҳасида янги таълим йўналишлари, қўшма дастурлар ва стажировкаларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди.

Фото: "Дунё" АА

«Дунё» АА хабарига кўра, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси дипломатлари RVC фаолияти, таълим дастурлари, лабораториялари ҳамда амалга оширилаётган тадқиқотлар билан танишди. 

Томонлар:

Ўзбекистон ва Британия ОТМ ўртасида академик алмашинув, қўшма бакалавр/магистр курслари ва стажировкаларни йўлга қўйиш;
илмий лойиҳаларни қўшма тадқиқотлар асосида амалга ошириш;
амалиётга йўналтирилган модуллар, лаборатория машғулотлари ва клиник базага қўшма кириш имкониятларини кенгайтириш каби йўналишларда келишувга келди.

Маълумот учун: 1791 йилда ташкил этилган Қироллик ветеринария коллежи 1949 йилдан Лондон университети таркибида фаолият юритади. Ҳозирда у ерда тахминан 2 600 талаба ва 500 га яқин тадқиқотчи таҳсил олмоқда, таркибида сут ва чорвачиликка ихтисослашган қорамол ва қўй фермаси мавжуд.

Учрашувда Ўзбекистонда ветеринария соҳасидаги ислоҳотлар, ўқув стандартлари ва амалий лойиҳалар таништирилиб, Британия томони уларга юқори қизиқиш билдирди. Кутилишича, янги таълим йўналишлари ва қўшма курслар тажриба алмашувини кучайтириб, соҳада малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид