Жаҳон | 13:32 / 11.11.2025
2280
2 дақиқада ўқилади

Россияда операторлар ФСБ талаби билан алоқани ўчиришга мажбур бўлади

«Ведомости» нашрининг манбаларга таяниб ёзишича, хавфсизликка доир пайдо бўлаётган таҳдидлардан фуқаролар ва давлатни ҳимоя қилиш учун зарур деб топилган ҳолларда, ФСБ талаби билан алоқа операторлари ўз хизматларини тўхтатиши шарт бўлади.

Фото: Андрей Гордеев / Ведомости

«Ведомости» газетаси ва «Интерфакс» агентлиги манбаларга таяниб хабар беришича, Россия алоқа операторлари Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ)нинг сўрови бўлганда, «фуқаролар ва давлатни хавфсизликка оид юзага келаётган таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун зарур бўлса», алоқа хизматларини тўхтатиши лозим. Хабар 10 ноябр куни берилган.

ФСБ талаби асосида хизматни тўхтатиш тартибини белгилайдиган ва «Aлоқа тўғрисида»ги федерал қонуннинг 44- ҳамда 46-моддаларига тегишли ўзгартишларни киритувчи қонун лойиҳаси РФ Рақамли ривожланиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. Кейин ушбу ҳужжатни Думага киритиш учун Ҳукумат ҳузуридаги қонун лойиҳалари фаолияти бўйича комиссия маъқуллагани ОАВда қайд этилган.

Журналистлар манбаларига кўра, қонун лойиҳаси ФСБдан белгиланган тартибда (РФ президенти ва ҳукуматининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мувофиқ) сўров келиб тушган ҳолларда «мобил радиотелефон алоқаси хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни тегишлича бажармаслик» учун алоқа операторларини жавобгарликдан озод қилади. Шунингдек, «алоқа операторларининг тегишли сўров келганида алоқа хизматларини тўхтатиш мажбуриятини мустаҳкамлаш» ҳам таклиф этилган.

«Ведомости»нинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси РФ Ички ишлар вазирлиги (ИИБ), ФСБ, Иқтисодий ривожланиш вазирлиги ва Роспотребнадзор билан мувофиқлаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид