Жаҳон | 14:50 / 12.11.2025
1759
2 дақиқада ўқилади

Москва маданият департаментининг собиқ раҳбаридан 1 млрд рубл ундирилади

Бош прокуратура Москва маданият департаментининг собиқ раҳбари Александр Кибовский, унинг қариндошлари ва ишончли шахсларига нисбатан даъво аризасида 1 миллиард рублдан ортиқ қийматдаги мулкни ундиришни сўраяпти.

Фото: РИА Новости / Светлана Шевченко

Россия Бош прокуратурасидаги манбага таянган ҳолда ТАСС агентлигининг 10 ноябр куни хабар беришича, Кунцево туман судига киритилган даъво аризасида Кибовский ва унинг турмуш ўртоғининг 2010–2024 йиллардаги расмий даромади 211 миллион рублни ташкил этгани кўрсатилган. Шу билан бирга, 2014 йилдан бошлаб у умумий 226,7 миллион рубл қийматида кўчмас мулк ва иккита автомобил сотиб олган, жумладан Москва ва Москва вилоятидаги еттита квартира турмуш ўртоғи, унинг отаси ва “ишончли шахс” номига расмийлаштирилган.

Александр Кибовский билан бирга 100 миллион рубл миқдорида пора олиш ишида фигурант сифатида Андрей Нероденков ҳам тилга олинади, ТАСС уни Кибовскийнинг “ишончли шахси” деб атаган. Бош прокуратура маълумотича, Кибовский билан таниш бўлганидан сўнг Нероденков ва унинг оила аъзолари номига “зарур легал даромад мавжуд бўлмаган ҳолда” 1 млрд рублдан ортиқ қийматдаги мулк расмийлаштирилган.

17 июл куни Россия Тергув қўмитаси (ТҚ) матбуот хизмати Александр Кибовский қўлга олинганини маълум қилган. ТҚнинг расмий вакили Светлана Петренко аниқлаштиришича, унга Россия ЖК 290-моддаси 6-қисми бўйича пора олишнинг саккиз эпизоди ва ЖК 30-моддаси 3-қисми, 159-моддаси 4-қисми бўйича фирибгарликнинг бир эпизоди айблови қўйилган.

“Тергов маълумотларига кўра, Кибовский пора эвазига тижорат ташкилотларига давлат шартномаларини тузишда кўмаклашган. Бунда у бошқа жиноятчилар билан уюшган гуруҳ таркибида иш юритган. Дастлабки ҳисобларга кўра, олинган поралар умумий суммаси 100 млн рублдан ортиқ”, — дейилган пресс-релизда.

Шу куни Москва шаҳри Замоскворецкий туман суди собиқ амалдорни тергов ҳибсхонасига жойлаштириш тўғрисида қарор чиқарган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид