Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Оғирим тушишини истамайман»: Месси ЖЧга бормаслиги мумкин
Аргентиналик футболчи навбатдаги интервюсида Барселонага қайтишни исташи, Парижда ўзини яхши ҳис қила олмагани ва миллий жамоадаги келажаги ҳақида гапирди.
«Интер Майами» ҳужумчиси Лионел Месси Sport.es газетасига интервю берди. Суҳбат носталгияга бой бўлган. Аргентиналик футболчи АҚШда ишлари яхшилиги, аммо «Барселона»ни жуда соғинаётгани ҳақида гапирган. Шунингдек, Криштиану Роналду ортидан 2026 йилги жаҳон чемпионатидаги иштироки ҳақида тўхталган.
«Барселонани қаттиқ соғиндим»
Якшанба куни Месси кичик сюрприз қилиб, кутилмаганда Испанияга учиб келди. У «Камп Ноу»га кирди ва бир неча суратга тушди. Унинг келиши дарҳол оқшомнинг энг кўп муҳокама қилинган мавзусига айланди.

Лео шуни тан олган: «Биз Барселонани жуда соғиндик, уйдагилар билан доим шаҳар ҳақидаги хотираларни ёдга оламиз, бу ердаги ҳаёт ҳақида гаплашамиз. Қайтишни орзу қиламиз».
38 ёшли футболчи Испания ҳақидаги ҳар қандай янгилик унда соғинч ҳиссини уйғотишини айтган. Унинг фаолиятидаги энг бахтли лаҳзалар ушбу клуб билан боғлиқ: Гвардиола билан «секстет» ва Луис Энрике билан Чемпионлар лигасидаги ғалаба.
Месси «Барселона»дан кетишидан норози бўлган – унинг тасаввурида барчаси бошқача кечиши керак эди.
«Менда ғалати туйғу қолган. Пандемия туфайли сўнгги мавсумимда мухлислар ўйнашга тўғри келган. Мен бутун фаолиятимни ўша ерда ўтказдим, аммо кетишим орзумдаги каби бўлмади. Европадаги фаолиятимни айнан «Барселона»да якунлайман, шундан кейингина АҚШга кетаман, деб ўйлагандим. Аммо барчаси бошқача кечди – хайрлашув жуда оғир бўлди», – дея қайд этган Месси.
У «Барселона»да ўтган дамлар учун тақдирдан рози эканини қўшимча қилган. Лео ҳозир ҳам кўк-анорранглилар ўйинини кузатишда давом этмоқда, тез-тез дўстлари билан ўйинларни муҳокама қилади.
«Парижда ўзимни яхши ҳис қилмадим»

«ПСЖ»да ўтган йиллардан эса унда ёқимли хотиралар қолмаган – у бу ерда ўзини «ўз тарелкасида ҳис қилмаган».
«Ҳаммаси ҳам ёзилгандек ёмон эмасди. Оғир бўлди деганимда қандайдир азоб-уқубатларни назарда тутмаганман – шунчаки ўзимни яхши ҳис қилмасдим. Ўйиндан, машғулотлардан, кундалик ишлардан завқ олмасдим. Лекин оиламиз билан у ерда вақтимизни жуда яхши ўтказдик, Париж – ажойиб шаҳар», – дейди у.
Леонинг сўзларига кўра, Майамида вазият яхшиланган. «АҚШда ҳар бир кунимиздан завқланамиз. Бу ерда ҳаммаси осонроқ, босим камроқ, доимо ғалаба қозониш мажбурияти йўқ, гарчи, албатта, ғалаба қозонишни хоҳласак ҳам. Муҳит тинч, оила, болалар билан кўпроқ вақт ўтказиш мумкин. Авваллари кайфиятимни ўйинлардаги натижалар белгиларди, энди эса хотиржамман – уйга яхши кайфиятда қайтаман», – дея фикрлари билан ўртоқлашади ҳужумчи.
Месси фаолиятининг сўнгги йилларида MLS’да ўйнаётганидан мамнун. У ўзини жисмоний жиҳатдан яхши ҳис қилмоқда, ўйиндан завқ олмоқда.
Ягона минус – жамоадаги дўстлари Жорди Алба ва Серхио Бускетс фаолиятини якунлаётганидир.
«Бускетс билан бу ҳақда анчадан бери гаплашиб келардик – у фаолиятини якунламоқчи эди. Алба эса олдиндан огоҳлантирмай, кийим алмаштириш хонасидаёқ кетиши ҳақида хабар берди. Аммо мен уни тушунаман – биз ҳаммамиз бир авлодданмиз ва вақт ўтиб бормоқда. Сўнгги йилларни Барселонада ҳам, бу ерда ҳам бирга ўтказа олганимиз жуда яхши бўлди», – дейди Лео.

«Оғирим тушишини истамайман»
2022 йилги жаҳон чемпиони Аргентина миллий жамоаси учун юк бўлишни истамаслигини айтди ва бу билан мухлисларни хавотирга солди. У миллий жамоа сафида 195 ўйинда майдонга тушган ҳамда 114 гол урган. Аммо ҳозирча 2026 йилги мундиалда ҳам иштирок этишига ишончи комил эмас.
«Юк бўлишни хоҳламайман. Ўзимни формада ҳис қилишни, жамоага ёрдам бера олишимга амин бўлишни истайман. MLS мавсуми Европа мавсумига тўғри келмайди, шунинг учун турнирга яқинроқ қолганда, вазиятга қараймиз», – дея мухлисларга умид қолдирган Месси.
Мавзуга оид
12:19 / 03.12.2025
«Сити» 4 та гол ўтказди, «Барса»да камбэк
16:19 / 30.11.2025
Месси жамоаси билан Шарқий конференция ғолиби бўлиб, финалга чиқди
11:54 / 30.11.2025
Файзуллаев гол уришни бошлади, Шомуродов давом эттирди, «Барса» «Реал»ни қувиб ўтди
13:13 / 26.11.2025