Ўзбекистон | 08:47 / 12.11.2025
1702
1 дақиқада ўқилади

Қурилиш вазирлиги: «Тошкентда 9 минг лифт носоз» деган хабарлар асоссиз

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган, Тошкентда 9 мингдан ортиқ лифтларда носозлик аниқлангани ҳақидаги даъволарни рад этди. Вазирликка кўра, техник кўрик давомида қайд этиладиган камчиликлар лифт «носоз» дегани эмас, балки профилактик назорат жараёнининг бир қисми.

Фото: Владимир Федоренко/РИА Новости

Расмий маълумотга кўра, республика бўйича 5 491 та кўп квартирали уйда жами 13 798 та лифт ускуна бор: шундан 12 987 таси — йўловчи, 811 таси — юк лифти.

Тошкент шаҳрида эса 3 245 та кўп квартирали уйда 9 144 та лифт мавжуд. Уларнинг 1 835 тасининг эксплуатация муддати тугаган бўлиб, Ҳукуматнинг 2025 йил 17 февралдаги 98-сон қарорига мувофиқ 2025–2028 йилларда босқичма-босқич янгиланмоқда. Жорий йилда 452 та лифтни янгилаш ишлари якунланмоқда.

Вазирлик таъкидлашича, тегишли қарорларга мувофиқ мамлакатдаги барча лифтлар ҳар йили мажбурий техник кўрикдан ўтказилади. Кўрикда аниқланадиган камчиликлар — хавфсизликни таъминлаш мақсадида тезкор бартараф этиладиган техник вазифалар бўлиб, уларни «оммавий носозлик» сифатида талқин қилиш нотўғри.

Қурилиш вазирлиги лифтлар эксплуатацияси бўйича доимий мониторинг олиб боришини, соҳани ривожлантириш ва мавжуд муаммоларнинг олдини олишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилишини маълум қилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид