Жаҳон | 08:37 / 12.11.2025
5601
2 дақиқада ўқилади

Тўқаев: Россия ва Қозоғистон ўртасида жиддий муаммолар мавжуд эмас

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Кремлда Россия президенти Владимир Путин билан норасмий музокараларда айтишича, Россия ва Қозоғистон ўртасида ҳеч қандай жиддий муаммолар мавжуд эмас, барча масалалар оператив ҳал этилади.

Фото: Григорий Сысоев / РИА Новости

«Икки тарафлама ҳамкорликка келсак, у стратегик шериклик, иттифоқчилик муносабатлари характерига эга. Биз биргаликда ишламайдиган бирор-бир соҳа йўқ. Давлатларимиз ўртасида ҳеч қандай жиддий муаммолар мавжуд эмас», — деди Тўқаев.

Унинг таъкидлашича, муаммолар пайдо бўлса — бу табиий ҳол — улар аввало давлат раҳбарлари ва ҳукуматлар саъй-ҳаракатлари билан бартараф этилади.

Шунингдек, у «илиқ қабул» учун самимий миннатдорлик билдирди. «Кўрганларим, ҳис этганларим менга жуда катта таассурот қолдирди, хурсанд қилди ва мен бу ерда, Россия пойтахтида қабулнинг бутун илиқлигини ҳис этдим», — деди Тўқаев протокол қисми ҳақида сўзларкан.

Путин: «Бугун биз норасмий муҳитда ўтириб, махсус аҳамиятга эга барча масалалар юзасидан суҳбатлашиш имкониятига эгамиз, эртага эса ҳамкасблар билан бирга икки томонлама муносабатлар кун тартиби бўйлаб тўлиқ муҳокама ўтказиб, албатта, истиқболга назар ташлаймиз. Умуман олганда, жорий йилни жуда яхши якунлашимизга ишонаман. Яқин келажак ва ундан бироз узоқроқ ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган режаларни ҳам белгилаймиз», — деди.

Тўқаев 11 ноябр куни давлат ташрифы билан Россияга келди; кечқурун икки етакчи Кремлда норасмий суҳбатлашди. Рaсмий дастур 12 ноябрдан бошланади: томонлар тор ва кенгайтирилган таркибда музокара ўтказади, икки лидер Россия ва Қозоғистоннинг 21-форуми ялпи мажлисида видеоконференция тарзида иштирок этади, ОАВ учун баёнот беради ва ҳужжатлар имзолайди. Шунингдек, Россия президенти номидан давлат қабули ҳам ўтказилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид