Жаҳон | 23:47 / 12.11.2025
5495
4 дақиқада ўқилади

Трамп америкаликларга 2 000 доллардан пул тарқатмоқчи

Шу кунларда Америка президенти Трамп мамлакат аҳолисига камида 2000 доллардан пул тарқатилиши ҳақида гапириб қолди. У божлардан тушадиган пулни конвертга солиб, америкаликларга тарқатмоқчи.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

«Ҳамма дивиденд олади»

Дивиденд деган сўзни эшитган бўлсангиз керак. Содда қилиб айтганда, корхона акционерлари йил якунида бўлиб оладиган фойда тақсимоти дивиденд дейилади. Дивидендни оддий одамлар олмайди. Лекин Трамп сердаромад аҳоли қатламидан бошқа барча оддий америкаликларни импорт божларидан тушадиган фойдага шерик қилиб, уларга дивиденд тўламоқчи.

«Тарифларга қарши одамлар – АҲМОҚЛАР. Биз ҳозир дунёдаги энг бой ва ҳурмат қилинадиган давлатмиз. Инфляция деярли нолга тенг, фонд бозорида рекордлар. Биз триллион долларлаб фойда оламиз ва тез орада 37 триллион долларга етган давлат қарзини тўлашни бошлаймиз. АҚШга рекорд миқдорда инвестиция киритилмоқда, ҳамма ерда завод, фабрикалар қуриляпти. Даромади юқори одамлардан ташқари ҳаммага 2000 доллардан кам бўлмаган дивиденд тўланади», деб ёзди Трамп.

Албатта, Трамп одатдагидай бўрттирди: Америкада инфляция нолга тенг эмас, фонд бозоридаги рекордлар фақат рақамларда, аслида у айтганчалик даҳшатли ўсиш бўлганга ўхшамаяпти. Лекин Трамп америкаликларга пул тарқатиш масаласини кўтарганининг ўзи жуда қизиқ.

АҚШ молия вазири Скотт Бессентнинг айтишича, Трамп ваъда қилган дивиденд айнан нақд пул кўринишида бўлмаслиги ҳам мумкин. «Бу ҳақда ҳозирча президент билан гаплашганим йўқ. 2000 доллар дивиденд турли кўринишда бўлиши мумкин: масалан, солиқларни камайтириш кўринишида, президент бу масалани кўриб чиқаётганди. Балки чой-чақа учун солиқ бекор қилинар, балки ижтимоий таъминот кўринишида ёрдам берилар, балки автокредит учун тўлаб берилар. Солиқ қонунчилигида бунинг йўллари кўп», деган Америка бош молиячиси.

Лекин Трамп қандайдир солиқ имтиёзи эмас, айнан конвертга пул солиб, америкаликларга тарқатишга ҳавасманд кўринади, ҳар ҳолда унинг постидан шундай хулосага келиш мумкин. Бунақаси Америкада бўлиб туради, коронавирус пандемияси вақтида ҳукумат одамларга конвертга солиб пул тарқатган.

Катталар кимгадир ёрдам беришни истасанг, унга шунчаки пул бер, деган бўлишса, бекорга айтишмаган – бутун бошли Америкада ҳам оддий аҳолига ёрдам беришнинг бундан яхши йўлини ўйлаб топишмаган.

Демократлар ғалабаси фонида

Айтганча, америкалик иқтисодчилар ҳисоб-китобига кўра, Трамп ваъда қилаётган дивидендлар мамлакат ғазнасига 600 миллиард долларга тушади, лекин у жорий қилган божлар бир йилда фақат 300 миллиард доллар келтириши мумкин. Яъни аҳолига пул тарқатиш бож келтираётган даромаддан икки баравар қимматга тушади. Лекин бу Трампни хавотирга солаётгани йўқ.

Бюджетдан олиб одамларга тарқатса, нима қилибди? Америкаликлар пулини ёстиғининг тагига солиб йиғиб қўймайди, кўчага чиқиб нимадир сотиб олади, пул айланиб яна давлатга қайтиб боради. Қайтага мингта соҳани жонлантиргани қолади.

Гап Америка одамларга дивидендни қандай тўлашида ҳам эмас аслида. Муҳими, Трамп ўзи жорий қилган божлардан келаётган миллиардлаб доллар пулга америкаликларни ҳам шерик деб ҳисоблашида. Бу давлатда пул кўп, иш кўп, меҳнат қилган яхши пул топишини у ерда ишлаб бойиган юртдошларимиз ҳаёт тарзидан билиш мумкин. Шундай бўлса-да, Трамп одамларга конвертга солиб пул тарқатишга ҳавасманд. Тўғри-да, Американинг араблардан қаери кам?

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид