Жаҳон | 22:21 / 12.11.2025
6816
3 дақиқада ўқилади

Трамп Исроил президентидан Нетаняҳуни «афв этишни» сўради

2019 йилда Бинямин Нетаняҳу бир вақтнинг ўзида учта жиноий иш - коррупция, фирибгарлик ва суиистеъмоллик бўйича айбланди. Иш ҳануз давом этмоқда. Трамп унинг афв этилишини истамоқда.

Фото: Flash90

Исроил президенти Исхак Ҳерцог 12 ноябрь куни АҚШ раҳбари Доналд Трампдан коррупция иши қўзғатилган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни «тўлиқ афв этишга» чақирилган мактуб олди, деб ёзди Deutsche Welle.

«Исроил суд тизими мустақиллиги ва унинг талабларини мутлақо ҳурмат қилсам-да, мен билан узоқ вақт давомида бирга курашган, жумладан, Исроилнинг муросасиз рақиби Эронга қарши курашган Бибига (Бинямин Нетаняҳу) қарши «иш»ни сиёсий, асоссиз таъқиб деб ҳисоблайман», деб ёзди Трамп.

АҚШ президентининг қўшимча қилишича, Исроил ҳамкорлари билан биргаликда «мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришган» бир пайтда, «Бибига мамлакатни бирлаштиришга имкон бериш», уни афв этиш ва бу «ҳуқуқий зиддиятга» чек қўйиш вақти келди.

Исроил президенти офиси баёнотида қайд этилишича, Ҳерцог «Трампга нисбатан улкан ҳурматни ҳис қилади», бироқ афв этишни хоҳловчи «белгиланган тартиб-қоидаларга мувофиқ» ариза бериши керак.

Исроил қонунларига кўра, бундай ҳужжатни президентга ўзини афв этишни сўраган шахс ёки унинг энг яқин қариндошларидан бири юбориши керак.

Давлат раҳбари ҳукм суд томонидан ўқиб эшиттирилганидан кейин ҳам, ишни кўриш тугагунига қадар ҳам афв этишга ҳақли. Иккинчиси жуда камдан-кам ҳолларда ва афв этиш «жамоат манфаатларига жавоб берадиган» деб тан олинган тақдирда содир бўлиши мумкин.

Ҳозирча Нетаняҳу ҳам, унинг қариндошлари ҳам Ҳерцогдан афв сўрамади.

Октябрь ойи ўрталарида Ғазо секторидаги уруш якунлари бўйича тинчлик шартномасини имзолашдан олдин Трамп Тел-Авивга борди ва Исроил парламенти (Кнессет) депутатлари олдида бир соатлик нутқ сўзлади. Унда, жумладан, у Ҳерцогга мурожаат қилиб, Нетаняҳуни афв этишни сўради.

2019 йилда Нетаняҳу бир вақтнинг ўзида учта иш бўйича - коррупция, фирибгарлик ва суиистеъмоллик бўйича айбланди. Хусусан, у миллиардер дўстларидан қимматбаҳо совғалар олган, шунингдек, ўз фаолиятини ижобий ёритиш эвазига медиа-магнатлар учун тартибга солувчи имтиёзларга эришган. Бош вазир айбни рад этиб келмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид